Ўзбекистон | 21:00 / 09.09.2020
3519
4 дақиқада ўқилади

Мудофаа вазирлиги ҳузурида “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ташкил этилади

Ўзбекистон президентининг қарорига мувофиқ, Мудофаа вазирлиги ҳузурида “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ташкил этилади.

Мажмуа ҳудудида Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази, Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти, Ҳарбий оркестрлар хизмати, Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Қарорга кўра, Мажмуа ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Қуйидагилар Мажмуанинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • Иккинчи жаҳон уруши жангларида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини илмий асосда ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш;
  • Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш;
  • Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки, фронт ортидаги меҳнат қаҳрамонликлари, юртимизга эвакуация ва депортация қилинган турли миллат вакиллари, хусусан, болаларнинг бағрикенглик билан кутиб олиниши ва уларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилиши сингари тарихий воқеаларни акс эттириш орқали ёш авлоднинг маънавий оламини юксалтириш ва кекса авлод билан ворисийлик туйғусини кучайтириш, юксак гуманизм, она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш;
  • халқимизнинг тарихий хотира билан яшаб, ўтганлар хотирасини ёд этиши, уларга ҳурмат бажо келтириши, шунингдек, мазмунли дам олиши билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда республика ва халқаро миқёсда илмий-амалий конференциялар, семинарлар, маҳорат дарслари, ижодий кечалар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;
  • Иккинчи жаҳон уруши даврига оид хорижий музей экспозициялари ва архивлари фондларини ўрганиш, Ўзбекистон халқининг ғалабага қўшган улкан ҳиссасини илмий асослаш учун мақсадли, фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш;
  • “Шон-шараф” давлат музейи фондлари ва экспозицияларини Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ ҳужжатлар ва бошқа экспонатлар билан мунтазам бойитиб бориш;
  • Иккинчи жаҳон урушига оид музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш, янгиларини аниқлаш, тўплаш, улар ҳақидаги маълумотларни нашрга тайёрлаш, чоп этиш ва илмий истеъмолга киритиш;
  • уруш даврида юртдошларимизнинг жанговар ва фронт ортидаги фидокорона хизматларини акс эттирадиган тарихий хотирани мустаҳкамлаш мақсадида таълим муассасалари билан ҳамкорликда Мажмуада очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари ўтказишни, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини ташкил этиш;
  • Мажмуада туристлар, тадқиқотчилар ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва унинг туристик салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • Мажмуа таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейи экспозициясини такомиллаштиришда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш ҳамда ноанъанавий кўргазмалар яратиш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ушбу йўналишдаги чет эл музейлари билан кўргазмалар ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;
  • аҳолига маданий-дам олиш хизматларини кўрсатиш.
Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид