Жамият | 15:22 / 09.09.2020
3780
2 дақиқада ўқилади

Ёшлар парламенти китобхонлик кунини белгилашни таклиф қилмоқда

15 апрелни республика бўйича китобхонлик куни деб белгилаш таклиф қилинган.

Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Моҳистара Муҳаммадюнусова парламент аъзолари республикада алоҳида китобхонлик кунини белгилаш таклифини ишлаб чиқилаётганини билдирди.

«Аҳоли ва ёшлар орасида китобга бўлган ҳурматни, китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистонда 15 апрелни китобхонлик куни сифатида белгилаш Ёшлар парламенти аъзолари томонидан илгари сурилмоқда. Бунда туман/шаҳар, маҳаллалар миқёсида китобхонлик тадбирларини ўтказиш, ёшлар орасида китоб билан боғлиқ челленжлар ўтказиш назарда тутилади.

Таклиф бўйича норматив ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Сенатга тақдим этилади», деди Муҳаммадюнусова Сенат қўмиталарининг 8 сентябрдаги йиғилишида.

Шунингдек, имконияти чекланган ёшларнинг таълим олишида имтиёзларни кенгайтириш таклифи ҳам илгари сурилди.

«Республика бўйича 312та мусиқа ва санъат мактаби фаолият олиб боради. Уларда 325 нафар ногиронлиги мавжуд ўқувчи таҳсил олмоқда. Мусиқа ва санъат соҳасида таҳсил олишни истовчи имконияти чекланган ёшларнинг бу мактабларга имтиёзли равишда қабул қилинишини белгилашни сўраган бўлардик», дея Ёшлар парламенти раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид