Ўзбекистон | 22:29 / 10.09.2020
35652
2 дақиқада ўқилади

Боғчалар қачондан ва қай тартибда очилиши маълум бўлди

Ота-она коронавирусдан хавотирлангани сабаб боласини боғчага бермаса, боланинг ўрни сақлаб қолинади. 3 ёшгача бўлган болалар гуруҳлари қачондан очилиши номаълум.

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин боғчалар пандемия шароитида қандай ишлаши ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, боғчаларни очишда болалар хавфсизлиги биринчи ўринга қўйилади, боғчага келмайдиган болаларнинг ўрни ҳам сақлаб қолинади.

МТТлар босқичма-босқич очилиши режалаштирилган. Уларнинг очилиши учун халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг розилиги талаб этилади.

«14 сентябрдан биринчи навбатда катта гуруҳлар, яъни 5-6 ёшли болалар гуруҳлари очилади. Чунки бу ёшда болалар ижтимоий масофа сақлаш, санитария қоидаларига амал қилишни тушунишади.

Кейинроқ, 1 октябрдан ўрта ёшли болалар гуруҳларини очишни, ноябрдан эса кичик, яъни 3 ёшли болалар гуруҳларини очишни режалаштирганмиз.

Кичик ёшли болалар гуруҳлари ҳали тартиб-қоида нималигини билмайди, улар орасида ижтимоий масофа сақлаш жуда қийин. Шунинг учун биз МТТларни очишни босқичма-босқич ўрганган ҳолда амалга оширмоқчимиз», – деди Агриппина Шин 10 сентябрдаги матбуот анжуманида.

Маълум қилинишича, МТТлар 14 сентябрдан фаолият бошласа, ота-оналарнинг 16 мартдан кейинги кунларга қилинган ярим ойлик тўловлари ой охирига қадар ҳисобланади.

Мавзуга оид