Жамият | 11:45
4280
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда хусусий боғча вафот этган болаларни тарбияланувчи сифатида кўрсатиб, субсидия ўзлаштирди

Эр-хотин тадбиркорлар Шовот туманида иккита нодавлат боғча ташкил қилиб, махсус онлайн платформага сохта маълумотларни юклаган: ушбу боғчага келмайдиган болалар тарбияланувчи сифатида кўрсатилган. Ҳатто вафот этган болалар ҳам рўйхатга киритилган. Улар бу орқали давлат бюджетидан ажратилган субсидия маблағларини ўзлаштириб келишган.

Сунъий интеллект чизган сурат

Хоразмда субсидия маблағларини ўзлаштирган нодавлат боғча мансабдорлари жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжатлари билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1965 йилда туғилган З.Ю. Шовот туманидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари лавозимида ишлаб келган. У 2019 йил 6 майда Мактабгача таълим вазирлиги билан мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик тўғрисида битим тузган.

З.Ю. 2023 йилда 12 нафар, 2024 йилда 19 нафар, 2025 йилда 12 нафар ушбу нодавлат боғчага келмаган болаларни гўёки тарбияланувчи сифатида кўрсатган. У ҳатто 2 нафари вафот этган болани ҳам рўйхатга киритган ҳамда махсус онлайн платформага сохта маълумотларни юклаган. Бу орқали 70 млн сўм субсидия маблағлари ажратилишига эришган. Ушбу пул маблағларини эса ўз шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Шунингдек, З.Ю. 2021 йил 14 февралда Шовот туманида турмуш ўртоғи Р.А.нинг номига оилавий боғча ташкил қилган. 2022 йил 30 августда Мактабгача таълим вазирлиги билан мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик тўғрисида битим тузишга эришган. Эр-хотин 2023 йилда 15 нафар, 2024 йилда 38 нафар ҳақиқатда ушбу оилавий боғчага қатнамаган ҳамда 2 нафар вафот этган болани тарбияланувчи сифатида кўрсатган. Сўнгра махсус онлайн платформага сохта маълумотлар юклаб, 91 млн сўм субсидия маблағларини талон-торож қилишган.

Судланувчилар ўзларига қўйилган айбга қисман иқрор бўлишган. Уларнинг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари, мутахассисларнинг текширув маълумотлари ҳамда бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган. Хусусан, судда гувоҳ сифатида сўралган ота-оналар ҳақиқатан фарзандларини ушбу боғчаларга беришмагани, ҳатто бу хусусий боғчалар қаерда жойлашганини ҳам билишмаслиги ҳақида кўрсатма беришган.

ЖИБ Гурлан туман судининг ҳукми билан судланувчилар ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш жиноятларини содир қилишда айбли деб топилган. З.Ю. ва Р.А.га 1 йил давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил 6 ойдан озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, эр-хотиндан етказилган моддий зарарни қоплаш мақсадида солидар тартибда давлат фойдасига жами 161 млн сўм ундириш белгиланган.

Хоразм вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2026 йил 20 январдаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ва апелляция ажрими ўзгаришсиз қолдирилди.  

Мавзуга оид