Ўзбекистон | 14:17 / 12.09.2020
16904
3 дақиқада ўқилади

COVID-19: Умумтаълим мактаблари ўқитувчиларидан оммавий равишда тест олинмоқда

Ўзбекистон мактабларида янги ўқув йили гибрид шаклда бошланмоқда. Болаларнинг мактабга чиқиши ёки чиқмаслиги ота-оналар ихтиёрига кўра амалга оширилмоқда. 

Фото: Равшан Мирзақулов

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, умумтаълим мактабларида санитария талабларига амал қилиниши бўйича мактаб мутасаддиларига кўмак бериш мақсадида 10 минг нафардан ошиқ тиббиёт ходими бириктирилди. 

Шу йилнинг 14 сентябр кунидан белгиланган санитария талабларига жавоб берган мактабларда маҳаллий халқ депутатлари кенгашлари қарори билан таълим жараёнлари бошланиши кутилмоқда. Бу жараёнда икки муҳим масалага диққат қилиниши керак. Бир томондан мамлакатдаги 6,2 миллион нафардан ортиқ ўқувчининг саломатлигини сақлаш муҳим бўлса, бошқа томондан уларга таълим берадиган ярим миллион нафарга яқин халқ таълими ходимлари — ўқитувчиларнинг саломатлигини асраш ҳар бир раҳбардан катта масъулият талаб қилади. 

Шу мақсадларни кўзда туган ҳолда айни вақтга қадар “Ўзбeкистон Рeспубликасида COVID-19 пандемияси даврида умумий ўрта таълим мактаблари ва ўрта махсус мактаб интернатларининг фаолиятини ташкиллаштириш бўйича вақтинчалик санитария-эпидемиологик талаблар” ишлаб чиқилиб, Адлия вазирлигида рўйхатга олинди. 

Мамлакатда шундай қийин шароитда ўз вазифасини бажариш учун курашга чиқаётган ўқитувчиларнинг саломатлигини ҳимоя қилиш масаласига давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. 2020 йил 11 сентябрь ҳолатига кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ўрта таълим мактабларининг жами 486 521 нафар ўқитувчиларнинг 275 616 нафари (56,6 фоизи) махсус лаборатория усулида коронавирус инфекциясига текширувдан ўтказилди. 

Лаборатория таҳлили натижасида касаллик аниқланган ўқитувчилар рўйхатга олиниб, уларнинг ҳолати ҳудудларда ташкил этилган мобиль тез тиббий ёрдам гуруҳлари томонидан ўрганилмоқда, касаллик симптомлари аниқланган ўқитувчилар шифохоналарда даволанишга юборилмоқда.

Уларнинг аксариятида касаллик симптомсиз ва енгил шаклда кечаётгани кўринмоқда. Бундай ўқитувчилар уй шароитида даволанишга ўтказилиб, белгиланган даво муолажаларга кўра, уларга бепул коронавирус бокслари (аптечкалар) етказиб бериляпти.

Шунингдек, бундай ўқитувчилар билан мулоқотда бўлганлар ҳудудий Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари томонидан аниқланиб, уларнинг рўйхатлари карантин тадбирларини жорий этиш учун ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармаларига юборилмоқда

“Бу саъй-ҳаракатлардан муддао миллатимиз муаллимларининг саломатлигини асраш ва улардан таълим оладиган ёш авлоднинг соғлигини ҳимоя қилишдир. 

Эслатиб ўтамиз, Президентимизнинг 26 август куни қабул қилинган тегишли қарорига кўра, юртимиздаги барча бошланғич, умумий ўрта таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларини марказлашган тартибда гриппга қарши бепул эмлаш белгиланган”, - дейилади хабарда.

Мавзуга оид