07:42 / 14.09.2020
3559

Доминик Тим US Open’да ғалаба қозонди

Австриялик теннисчи Доминик Тим АҚШда ўтган US Open мусобақаси ғолиби бўлди. Тим финал баҳсида германиялик Александр Зверевни мағлубиятга учрата олди.

Эътиборлиси, австриялик теннисчи дастлабки икки сетни ютқазиб, кейинги уч сетда ғалабани илиб кета олган. US Open финалида охирги марта бундай ҳолат 1949 йилда юз берган: ўшанда ҳам америкалик Панчо Гонсалес дастлабки икки сетда ютқаза туриб, сўнгра ғалабага эришган. 

Тим ва Зверев ўртасидаги учрашув 2:6, 4:6, 6:4, 6:3, 7:6 (8:6) ҳисобида якунланди. У 4 соат 1 дақиқа давом этди.

27 ёшли Тим “Катта дубулға” сериясига кирувчи мусобақада биринчи марта ғалаба қозонди. Бунгача у икки марта Roland Garros (2018, 2019) ва бир марта Australian Open (2020) финалига чиқа олган. Ҳозирда Тим профессионал теннисчилар рейтингида 3-ўринни эгалламоқда. 

Мусобақанинг аёллар баҳсида япониялик Наоми Осаканинг қўли ҳаммадан баланд келди. У финал учрашувида беларуслик Виктория Азаренкони 1:6, 6:3, 6:3 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Шу тариқа Осака иккинчи марта US Open’да зафар қучди. Япониялик теннисчи биринчи марта бундай натижага 2018 йилда эришган. Наомининг ҳисобида 2019 йилги Australian Open’даги ғалаба ҳам бор.

АҚШ очиқ чемпионати пандемия туфайли томошабинларсиз ўтган. Унинг мукофот жамғармаси 53,4 млн долларни ташкил қилган.  

Top