Спорт | 09:20 / 07.09.2020
13905
3 дақиқада ўқилади

Новак Жокович ҳакамга тўп билан зарба бериб юборгани учун Us Open’дан четлатилди

Дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси Новак Жокович АҚШ Очиқ чемпионати US Open’да аёл ҳакамга тўп билан шикаст етказгани учун мусобақадан четлатилди.

Воқеа мусобақанинг 4-давраси давомида Жоковичнинг испаниялик Пабло Карреньо-Бустага қарши учрашувида юз берган. Жокович ўйиннинг биринчи сетида ҳисоб 5:5 бўлганда ўз подачасида геймни ютқазиб қўйган ва жаҳл билан кортнинг орқа деворига тўп билан зарба берган. Бироқ тўп орқа чизиқда турган аёл ҳакамнинг бўйнига теккан. Ҳакам кортга йиқилиб, бўғилаётгандек йўтала бошлаган. Шундан кейин ҳакам ёрдам бериш учун кортдан олиб чиқиб кетилган.

Натижада теннисчи носпортча хатти-ҳаракати учун четлатилган. Мусобақанинг кейинги даврасига унинг рақиби йўл олган.
 
Жокович айни вақтда дунёнинг биринчи рақамли эркак теннисчиси ҳисобланади. Унинг ҳисобида “Катта дубулға” сериясига кирувчи мусобақаларда 17 та ғалаба бор.

Жоковичнинг ўзи ушбу ҳодиса учун барчадан узр сўраб, нотўғри иш қилганини тан олган.

“Бу вазият мени қайғуга ботирди. Мен ҳакам ўзини қандай ҳис қилаётганини текширдим ва олган маълумотларимга кўра, у ўзини яхши ҳис қилмоқда. Мен унинг исмини ошкор қила олмайман. Унга шундай оғриқ етказганим учун афсусдаман. Буни атайлаб қилмадим. Бу менинг томонимдан нотўғри иш бўлди. Бу ёқимсиз тажрибани, мусобақадан четлатилишимни ўсишим ва шахс сифатида такомиллашишим учун муҳим ҳаётий сабоққа айлантирмоқчиман. Мен, шунингдек, мусобақа ташкилотчиларидан узр сўрайман. Бу барча учун оғир кун бўлди”, деб ёзган Жокович фейсбукдаги саҳифасида.  

Эндиликда US Open’да мутлақ янги чемпион бўлади. 2004 йилдан бери унда 7 киши – Новак Жокович, Рожер Федерер, Рафаэл Надал, Хуан Мартин Дел Потро, Энди Маррей, Стэн Вавринка ва Марин Чилич ғалаба қозониб келган. Аммо санаб ўтилган теннисчилардан бирортаси мусобақада қолмаган.

Мавзуга оид