Жаҳон | 18:49 / 14.09.2020
7376
2 дақиқада ўқилади

Навальний оёққа турмоқда. Шифокорлар уни аппаратдан узишган

Россиялик сиёсатчи Алексей Навальнийнинг ҳолати яхшиланиши давом этмоқда. Бу ҳақда у даволанишни давом эттираётган Берлиндаги «Шарите» клиникаси хабар қилди.

Фото: EPA/ТАСС

Навальний сунъий нафас олдириш аппаратидан узилган. У айни вақтда қисқа муддатга шифохона койкасидан туриши мумкин.

Алексей Навальний 20 август куни Томск — Москва йўналишидаги парвоз вақтида самолётда ҳушини йўқотганди. Ўшанда самолёт Омскка мажбурий қўнган ва бемор зудлик билан шифохонага ётқизилганди. 22 август куни эса уни кома ҳолатида «Шарите» клиникасига олиб боришди.

Аввалига немис шифокорлари унинг ҳолатини оғир деб баҳолашаётганди. 7 сентябрь куни улар Навальний сунъий кома ҳолатидан чиқарилгани ва мустақил нафас ола бошлагани ҳақида хабар беришди; у атрофидагиларнинг ҳаракатларига реакция беришни бошлаганди.

2 сентябрь куни Германия ҳукумати Навальний Россияда асаб тизимини фалаж қилувчи, таркиби жиҳатдан «Новичок» моддасига ўхшаш жанговар модда билан заҳарлангани ҳақида маълум қилди. Германия қуролли кучлари лабораториясида ўтказилган тадқиқот натижалари унинг организмида заҳар изларини аниқлашди, 14 сентябрь куни Швеция ва Франциядаги лабораторияларда ҳам бу маълумот тасдиқланди.

Der Spiegel ва Die Zeit нашри маълумотларига кўра, Навальнийни Россия махсус хизматлари заҳарлаган бўлиши мумкин. Кремль бу даъволар асоссиз эканини таъкидламоқда.

Мавзуга оид