Жамият | 14:20 / 15.09.2020
9030
8 дақиқада ўқилади

Меҳнат мигрантлари: муаммо жиддий, лекин ечими йўқ эмас. Иккинчи мақола

Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятлари жуда катта, нима учун улардан унумли фойдаланиш қобилиятимиз ҳануз жуда паст даражада?

Ҳар қандай бойликнинг, демак, тўқ фаровон ҳаётнинг ҳам негизида иқтисодий ресурслар ва имкониятлар ётади. Тадбиркор ушбу ресурсларни ҳаракатга келтириб, уларни ўзаро уйғунлаштириб, кундалик ҳаётимиз, фаровон турмуш кечиришимиз учун зарур бўлган моддий ҳамда номоддий ноз-неъматларни ишлаб чиқаради, дастурхонимиз тўкин-сочин бўлиши, дўкон пештахталари тўлиб-тошиши, сероб бўлишини таъминлаб беради.

Хулоса қилиб айтганда, иқтисодий ресурсларнинг мавжудлиги мамлакатда тўқликка, мўл-кўлчиликка эришишнинг асосий негизи ва энг муҳим шартидир. Давлатнинг бой бўлиши, халқнинг тўқ ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашни иқтисодий ресурсларнинг фаол иштирокисиз амалга ошириб бўлмайди. Иқтисод илми учун бу исбот талаб этмайдиган аксиомадир.

Айнан ресурслар жиҳатидан ёндашганда, Ўзбекистон дунёнинг энг бой давлатларидан бири ҳисобланади. Биринчидан, Ўзбекистон табиий ресурсларга жуда бой мамлакат. Минерал хом ашё ресурслари ҳам жуда катта.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда қарийб 100 турдаги минерал хом ашёсидан иборат 2,7 мингдан ортиқ фойдали қазилма конлари аниқланган. Улардаги умумий захиралар миқдори 3,3 триллион АҚШ долларига баҳоланмоқда. Ҳар йили ер тубидан 5,5 миллиард АҚШ доллари қийматидаги фойдали қазилмалар қазиб олинмоқда.

Ўзбекистон олтин захиралари бўйича дунёда 4-ўринда, ишлаб чиқариш бўйича эса 7-ўринда, табиий газ қазиб олиш бўйича – 11, мис захиралари бўйича – 10, уран бўйича – 7, олтин захираларининг миқдори бўйича 15-ўринда туради. Республикада қўрғошин, рух, вольфрам, литий ва бошқа фойдали қазилмаларнинг муҳим захиралари бор. Ўзбекистоннинг қулай иқлим шароити, серқуёшлиги, ер ва сув ресурслари ҳам унинг ресурс салоҳиятини янада юксалтиради.

Иккинчидан, Ўзбекистон меҳнат ресурсларига бой мамлакат – аҳоли сони бўйича дунёда қирқ учинчи ўринни, МДҲ давлатлари ўртасида эса учинчи ўринни эгаллайди. Меҳнат ресурслари иқтисодий ресурслар таркибида етакчи ва энг муҳим қимматли ресурс тури саналади.

Жаҳон амалиёти шундан далолат берадики, ундан тўғри ва унумли фойдаланган, қадрлаган давлат жадал ривожланиб, тезда бойиб кетиши мумкин. Масалан, Япония табиий ресурсларга жуда қашшоқ мамлакат. Унинг майдони Ўзбекистон ер майдонининг 86 фоизини ташкил этади, доимий аҳоли сони эса 3,7 марта кўп.

Демак, Япониянинг жуда қисқа тарихий давр мобайнида қудратли ва бой мамлакатга айланиши фақат меҳнат ресурслари, унинг улкан салоҳиятидан унумли ва ўринли фойдалана олиш ҳисобига амалга ошган. Табиийки, ҳозирги кунда япон халқи муносиб иш ҳақи топиш илинжида бошқа давлатларга иш излаб бормайди, лекин бошқа мамлакатлардан Японияда ишлаш иштиёқида юрганларнинг сони жуда кўп.

Хулоса қилиб айтганда, меҳнат ресурслари Ўзбекистоннинг бебаҳо бойлиги. У Ўзбекистонни ривожлантириш, иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштириш, мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар сафидан муносиб ўрин эгаллаш муаммоларини ҳал этишнинг асосий воситасига айланиши муқаррар. Фақат уни бегона юртларда ўзганинг иқтисодий тегирмонига сув қуйиб юришига йўл қуймаслик, улкан салоҳиятидан ўз иқтисодиётимиз равнақи йўлида унумли фойдаланишимиз зарур.

Демак, иқтисодий тараққиётга эришишнинг асосий негизи бўлган иқтисодий ресурсларнинг бир вақтнинг ўзида ҳар иккала турига бой бўлган юртнинг халқи ҳам тўқ ва фаровон ҳаёт кечиришга тўла ҳақли.

Ўзбекистонда молиявий ресурслар танқислиги муаммоси ҳақида фикр-мулоҳаза юритадиган бўлсак (сабаби — ушбу ресурслар ҳар иккала ресурсни ҳаракатга келтириш ва улардан ижобий самара олишнинг асосий воситаси), улар меҳнат ресурслари ҳамда табиий ресурсларнинг ҳосиласи бўлиб, улардан фойдаланиш унумдорлиги ва кенгайтирилган такрор ишлаб чиқариш кўламлари кенгайиб борган сайин, салоҳияти ҳам ортиб бораверади.

Муаммонинг ечими нимада?

Турли жумбоқ ва ноаниқликларга тўла ушбу сеҳрли саволга улкан масъулиятни ўз зиммасига олган барча буюк зотлар, алломалар, элу-юрт раҳнамолари, давлат раҳбарлари бирор-бир катта ишларга бел боғлаганда такрор ва такрор мурожаат қилганликлари табиий.

Чунки юзага келган муаммонинг сон-саноқсиз ечимлари орасида мақсадга элтувчи яккаю-ягона таянч нуқтаси бўлади. Ана шу таянч нуқтани излаб топа билган кишиларгина бош мақсадга эришади ва буюк шахс сифатида тарихда қолиш шарафига муяссар бўлади.

Бобоколонимиз Амир Темур ҳам ўз вақтида айнан шу саволга кўп марталаб мурожаат қилган, унга муносиб жавоб излаган ва унинг оламшумул, кишилик ҳаётида ўчмас из қолдирган хатти-ҳаракатлари айнан шу саволнинг жавоби сифатида юзага келгани ҳақиқатдан йироқ эмас.

Меҳнат мигрантлари муаммосини ҳал этишнинг иккита йўли бор.

Биринчиси — меҳнат миграциясини Ўзбекистон меҳнат бозоридаги ишчи кучи таклифи ва унга бўлган талаб ўртасидаги номутаносибликни бартараф этиш, аҳолининг бир қисмига нисбатан юқорироқ даромад топиш учун шарт-шароитлар яратиб бериш, улар ишлаб топган даромад ҳисобидан миллий иқтисодиётга қўшимча мадад бериш воситаси сифатида қараш сиёсатини давом эттириш.

Бу — мамлакатда бандлик муаммосини ҳал этишнинг энг осон ва камчиқим йўли. Лекин ушбу йўл тутилган тақдирда ҳам, меҳнат мигрантларини, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қўллаб-қувватлаш, давлат даражасида ҳимоя қилиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва кенг кўламда ҳаётга татбиқ этиш лозим, деб ўйлайман.

Иккинчиси – меҳнат миграциясидан ва у ундан келаётган барча даромадлардан буткул воз кечиш, меҳнат миграциясининг республика манфаатларига мос келмайдиган фаолият тури сифатида батамом тугатилишига эришиш.

Бу анча мураккаб ва машаққатли йўл бўлиб, жуда катта саъй-ҳаракатларни ва қатъий чоралар кўришни тақозо этади. Бу вақтинча қийинчиликлар ва иқтисодий йўқотишлар эвазига амалга ошади. Лекин меҳнат миграциясига қарши сиёсат доирасида иқтисодий механизмлар яратилиб, улар ҳаракатга келтирилиши орадан 5-6 йил ўтар-ўтмас макродаражада ўзининг ижобий натижаларини бера бошлайди.

Мамлакатда меҳнат миграциясидан батамом воз кечиш ва аста-секин уни халқимиз учун иқтисодий фаолиятнинг тури сифатидаги аҳамиятини тугатиш сиёсати танланган ва у муваффақиятли амалга оширилган тақдирда, ушбу сиёсат Ўзбекистонга тўрт томонлама манфаат келтиради. Бу:

Биринчидан, иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштириш ва миллий бойликни кўпайтиришга кўмак беради. Ушбу самара меҳнат мигрантларининг мулкдор фойдасига қўшимча иш вақтида яратган қўшимча қийматининг бошқа давлатлар хазинасини тўлдиришга эмас, балки мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотини кўпайтиришга қўшган ҳиссаси орқали намоён бўлади.

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини, имижини оширишга катта ижобий таъсир кўрсатади.

Учинчидан, ўз халқи тўғрисида ғамхўрлик қилган, уни мусофирчилик қийноқларидан холос этган давлатга нисбатан халқнинг ҳурмати, ундан розилиги ортади.

Тўртинчидан, жуда катта маънавий самарага эришилади. Бегона юртларда мусофирчиликда турли ноҳақликларга, камситишларга дучор бўлаётган юртдошларимиз миграция азоб-уқубатларидан қутулиб, ўз она юртларида эркин ҳаёт кечириш имкониятига эга бўладилар.

Агар Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари муаммосини ҳал қилиш учун қайси йўлни тутиш керак деган савол қўйиладиган бўлса, мен иқтисодчи сифатида иккинчи йўлни, яъни уларни мамлакатга имкон қадар тезроқ қайтариш йўлларини излаб топиш керак, деб жавоб берган бўлар эдим.

(Давоми бор)

М.Муҳаммедов,

СамИСИ профессори, иқтисодиёт фанлари доктори.

Мавзуга оид