Ўзбекистон | 22:12 / 19.09.2020
23230
2 дақиқада ўқилади

Мактабда ўқитувчилардан бошқа ходимлар касалликка чалинмайдими?

Ўқув йили бошланиши олдидан мактабларда тайёргарлик катта бўляпти. Сабаби, бу йилги вазият ҳар йилгидан мураккаброқ.

Мана, биз ўқитувчилар ҳам ўзимизда COVID-19 аломатлари бор-йўқлигини билиш мақсадида тест топширяпмиз. Мактабга ўқитувчилардан тест олиш учун санитария-эпидемиология осойишталик маркази ходимлари келди. Аммо тест мактаб фаррошлари, қоровулидан олинмади. Улар «биз ҳам топширишимиз керак», дейишса, санитария-эпидемиология осойишталик маркази ходимлари фақат ўқитувчилардан тест олинишини айтишди. Кейин маълум бўлишича, ҳамма жойда коронавирусга тест фақат ўқитувчилардан олинаётган экан.

Шу ўринда савол туғилади, ўқувчилар ўқитувчилар билан мулоқот қилар экан, фаррошлар ёки қоровул ўқитувчилар билан мулоқотда бўлмайдими? Ҳар бир мактабда 10–15 нафар ишчи-хизматчи ходимлар бор. Улар ҳар куни эшик-дераза, стол-стул, парталарга тегинади, полларни ювиб, чангларини артишади. Улар тозалаган жойларда ўқувчилар юради, ўтиради. Шу ҳолатлар инобатга олинмагани мени ҳайратга соляпти. Нега улардан тест олинмаётганининг сабабини кўп ташкилотлардан сўрадик. Афсуски, ҳамма бир хил важни кўрсатади: «ўқитувчилардан олинсин дейилган, тамом»!

Яна бир масала. Кеча тиббий кўрикдан ўтиш учун туман санитария-эпидемиология осойишталик марказига бордик. Тиббий кўрик учун банкка 24 минг сўм тўлов қилдим. Мактабимиз ишчи-ходимлари эса 50 минг сўм тўлашди. Ахир уларнинг қўлга тегадиган маоши 550 минг сўм атрофида-ку. Нега улар кўп ҳақ тўлаши керак?

Пандемия шароитида ўқув йилини бошлаш кўп мураккаб вазиятларни келтириб чиқараётгани сир эмас. Аммо шундай синовли кунларда чора-тадбирлар пухта ишлаб чиқилса, ҳар томонлама ўйланса бўлмасмиди? Қўл учида қилинаётган чора-тадбирлар кўзбўямачилик учун амалга оширилаётгандек гўё. Ўқитувчиларнинг соғлигига берилаётган эътиборнинг ўзи етарли эмас, аслида халқ таълими тизимида фаолият юритаётган барча ходимлар назарда тутилиши жоиз эди.

Г. Бекназарова.

Мавзуга оид