Ўзбекистон | 11:12 / 22.09.2020
22689
2 дақиқада ўқилади

Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар айланиши тартиби ўзгариши мумкин

Молия вазирининг Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги буйруғи лойиҳаси муҳокама қилиш учун Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида жойлаштирилган.

Низом “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонун асосида ишлаб чиқилган ва ҳужжатларни тузиш, қабул қилиш, сақлаш ва бухгалтерия ҳисобида акс эттириш, ҳамда ҳужжатлар айланишини амалга ошириш бўйича ягона тартибни белгилайди.
 
Norma’нинг ёзишича, низомнинг амал қилиши Ўзбекистондаги барча корхона, ташкилот ва муассасаларга татбиқ қилинади, банклар ва бошқа кредит ташкилотлари бундан мустасно.
 
Низом лойиҳасида корхоналар томонидан амалга ошириладиган барча хўжалик операциялари тасдиқловчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилиши лозимлиги қайд этилади, улар бошланғич ҳисоб ҳужжатлари бўлиб хизмат қилади ва улар асосида бухгалтерия ҳисоби юритилади.
 
Тегишли техник воситалар мавжуд бўлганда бошланғич ҳужжатларни ахборот тизимлари хизматларидан ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тузишга йўл қўйилади. Бундай ҳужжатлар бухгалтерия ҳисобида тегишли мажбурий реквизитлар мавжуд бўлгандагина қўлланилади. Электрон ҳужжатларни сақлашда улардан эркин фойдаланиш ва уларнинг қоғоз нусхаларини тақдим этиш имконияти таъминланиши лозим.
 
Бухгалтерия ҳисобини автоматлаштириш шароитида бошланғич ҳужжатлар реквизитлари кодлар кўринишида қайд этилиши мумкин. Бунда электрон шаклда тузилган бошланғич ҳужжат ва регистр электрон рақамли имзо ҳақидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ унинг тўғри тузилиши учун жавобгар бўлган шахснинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланиши лозим.
 
Низом:

  • бошланғич ҳужжатлар ва ҳисоб регистрларини тузиш, хатоларни тузатиш, сақлаш тартибини;
  • қатъий ҳисобдаги бланкаларни ҳисобга олиш, сақлаш, ҳисобдан чиқариш ва йўқ қилиш тартибини
  • ҳужжатлар айланишини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Низомга иловаларда қуйидаги шакллар келтирилган:

  • Қатъий ҳисобдаги бланкаларини ҳисобга олиш журнали;
  • қатъий ҳисобдаги бланкаларга олиш-назорат қилиш варағи;
  • корхона бўйича ҳужжатлар айланишининг намунавий графиги.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Мавзуга оид