UzIMEI можароси ортидан, тизимда мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тартиби ўзгарди
Мобил қурилмаларни UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш жараёнига ўзгартириш киритилди, деб маълум қилди тизим оператори.
Янги тартиб «мобил қурилмаларни бегона шахсларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланиб рўйхатдан ўтказишга чек қўйиш мақсадида» жорий қилинган.
«Ушбу тартибга кўра, қурилманинг IMEI-кодини/кодларини рўйхатдан ўтказишда жисмоний шахслар томонидан фойдаланиладиган абонент рақами маҳаллий мобил операторларидан ариза берувчи номига расмийлаштирилган бўлиши керак», – дейилади оператор хабарида.
Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев Telegram'даги каналида ушбу янгиликка «Ёмғирдан қочиб, дўлга тутилдик», дея муносабат билдирди.
«Энг аввало, бу янги тартиб бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарорига ўзгариш киритилдими? Агар киритилган бўлса, нега эълон қилинмади? Агар киритилмаган бўлса, ким буларга ҳуқуқ берди, ўзбошимчалик билан янги тартиб жорий қилишга?
Иккинчидан, аҳолининг тинкайи мадорини қуритаётган тизимни яхшилаймиз деб, яна битта бюрократик йўл ўйлаб топишибди. Чунки жуда кўпчилик аҳолимизнинг ишлатаётган рақами ўзининг номида эмас, ота-онасининг, турмуш ўртоғининг, ака-укасининг номида. Энди ана ўша фуқаролар янги телефон олса, энг аввало мобил компанияларга бориб, рақамини ўзининг номига ўтказиб олиши керак бўлади. Аҳа, раҳмат сизларга, жуда ва жуда халққа енгиллик яратиб, ғамхўрлик қилаётганларингиз учун», – дея ёзди Хушнудбек Худойбердиев.
У UzIMEI тизими прописка режимини эслатиб юбораётганини айтган.
«Пропискада ҳам худди шунақа бўлганди, «лазейка»ларни ёпамиз деб, йилдан йилга халққа чекловларни, оғир шартларни ва бюрократик тўсиқларни қўшиб бораверишган эди. Битта мактаб, бир хил почерк.
Шунчаки маълумот учун айтай: Конституцияга зид ва фуқароларга нисбатан адолатсиз бўлган прописка режимини бекор қилиш учун 9 йил вақт кетганди», – дея муносабат билдирди блогер.
Эслатиб ўтамиз, мобиль қурилмаларни рўйхатдан ўтказишдаги ушбу ўзгариш жиноий гуруҳ хориждан Ўзбекистонга келаётган фуқароларнинг шахсий маълумотларидан ноқонуний фойдаланиб, уларнинг номига мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиши воқеаси ортидан рўй бермоқда.
Давлат божхона қўмитаси 9 сентябрда ушбу жиноий гуруҳ фош этилганини маълум қилганди. Унга кўра, гуруҳ аъзолари 3 кишидан иборат.
Божхоначиларга кўра, Ўзбекистон фуқаролари бўлган бу шахслар қўшни давлатларга ўтиб, у ерда Ўзбекистонга кириб келаётган ватандошларнинг паспорт маълумотларини телефон ёрдамида расмга тушириб, Telegram орқали юбориб, рўйхатдан ўтказилмаган мобиль қурилмаларни UzIMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келган.
Ҳолат юзасидан жиноий иш очилган.
Маълумот учун, янги телефонни ишлатгандан бошлаб 30 кун ичида рўйхатдан ўтказилса — 44 минг 600 сўм; янги телефонни ишлатгандан бошлаб 30 кундан кейин рўйхатдан ўтказилса — 55 минг 750 сўм тўланиши зарур.
Амалдаги тартибга кўра, янги телефоннинг IMEI коди 30 кун ичида рўйхатга олинмаса, телефон ишламай қолади. Рўйхатдан ўтказгандан кейингина ишлашни бошлайди. Шу боисдан Ўзбекистон ҳудудида телефон сотиб олаётганда унинг IMEI-коди рўйхатдан ўтганини текшириш керак.
Мавзуга оид
11:21 / 22.01.2024
IMEI’ни ноқонуний ўзгартириш ва нусхалашга жавобгарлик белгиланди
17:50 / 24.11.2023
Мобил қурилманинг IMEI кодини қонунга хилоф равишда ўзгартирганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда
18:18 / 19.09.2023
Мобил қурилманинг IMEI кодини клонлаштирганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда
10:32 / 13.07.2023