Ўзбекистон | 11:07 / 23.09.2020
3180
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ташқи савдони тартибга солиш бўйича янги тизим жорий этилади 

Ташқи савдони Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 21 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раислигида ташқи савдони Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, йиғилиш давомида тўқимачилик саноатида қўлланиладиган технологик ускуналар ва бутловчи қисмларга солинадиган импорт божхона тўловлари ставкаларини камайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, алоҳида маҳсулот позициялари учун утилизация йиғимини нольга тенглаштириш истиқболлари ўрганилиб, бир қатор маҳсулот турлари учун импорт божхона тўловларининг ўзгаришига оид хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди.

Бутловчи буюмлар, шу жумладан йиғув ишлаб чиқаришга мўлжалланган буюмларга ТИФ ТН кодларини таснифлашни янада такомиллаштириш чораларига алоҳида эътибор қаратилди.

Сертификатлаштириш органлари томонидан импортни оптималлаштириш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлигининг таҳлили ҳам амалга оширилиб, уларни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Кенгаш аъзолари бундай механизмларни ишлаб чиқишда ҳамкор давлатлар билан ўзаро савдони янада чуқурлаштиришга қаратилган ички ва ташқи бозорларда ошкора рақобат муҳитини таъминлаш бўйича ягона концептуал ёндашувни қўллаш зарурлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, хусусан, маҳсулот ва ишлаб чиқариш жараёнларининг техник жиҳатдан тартибга солиниши ва техник регламентларини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш бўйича самарали чора-тадбирлар қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

Йиғилиш якунларига кўра, Кенгаш Котибиятига вазифаси ташқи иқтисодий фаолият соҳасида тезкор қарорлар қабул қилишнинг янада мослашувчан механизмларидан фойдаланишни назарда тутувчи ташқи савдони тартибга солиш бўйича мутлақо янги тизимни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш бўлган ишчи гуруҳ тузиш топширилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид