Марказий Осиё давлатлари тажрибаси БМТнинг диққат марказида
25 сентябрь куни “Марказий Осиё мамлакатларининг Сурия ва Ироқдан қайтган шахслар билан ишлашдаги тажрибаси: муваффақиятлар, муаммолар ва олинган сабоқлар” мавзусида халқаро видеоконференция ўтказилди. Тадбир БМТнинг Аксилтеррорчилик бошқармаси томонидан превентив дипломатия бўйича БМТнинг Марказий Осиё учун минтақавий маркази (ПДМОММ) ҳамкорлигида ўтказилди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясига параллел тадбир сифатида ўтган мулоқот 35 мамлакатдан 200 нафардан зиёд эксперт, жумладан, БМТнинг махсуслаштирилган идоралари — UNICEF, UNESCO, UNDP, UNODC, Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ бош комиссарининг бошқармаси вакилларини йиғди.
Унда Марказий Осиё давлатларидан судьялар корпуси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, дипломатлар, тадқиқот марказлари иштирок этишди.
Халқаро онлайн форум модератори сифатида Ўзбекистон Республмкаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов чиқиш қилди.
Тадбир давомида қатнашувчилар терроризм ва экстремизмга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилишди, Марказий Осиё давлатларининг экстремистик дунёқараш тарафдорларини радикалликдан халос этиш, қуролли тўқнашувлар зонасидан қайтариб келинган шахсларни ижтимоий реинтеграция ва реабилитация қилиш, бу соҳадаги халқаро амалиёт билан танишишди.
Онлайн форумни очар экан, Элдор Арипов халқаро кун тартибида экстремизм ва терроризм таҳдидлари ҳамон ўз долзарблигини йўқотмаганлигини қайд этди. Шу сабабли у Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеяси 75-сессиясида илгари сурган, БМТнинг Марказий Осиёдаги глобал аксилтеррорчилик стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинганининг 10 йиллигига бағишланган халқаро конференция ўтказиш тўғрисидаги таклифи ўринли ва зарур бўлганига урғу берди.
БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТ аксилтеррорчилик бошқармаси раҳбари Владимир Воронковнинг таъкидлашича, БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг қуролли тўқнашувлар зонасидан аёллар ва болаларни олиб чиқиш тўғрисидаги чақириқларига Марказий Осиё давлатлари биринчи бўлиб жавоб берган.
Шавкат Мирзиёевнинг Қўшма режа қабул қилинганлигининг 10 йиллигига бағишлаб ташкиллаштириладиган халқаро конференция бўйича таклифини бор имкониятлар билан қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирар экан, Воронков Марказий Осиё давлатлари халқаро мажбуриятлар ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг террорчиликка қарши курашиш соҳасидаги тегишли резолюцияларни бажаришда барча давлатларга ўрнак экани, бу тажриба халқаро ҳамжамият учун ўрганишга арзирли эканини таъкилади.
БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, ПДМОММ раҳбари Наталья Герман Глобал аксилтеррорчилик стратегиясини амалга оширишда БМТнинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлиги тажрибалари билан ўртоқлашар экан, минтақа мамлакатлари Сурия ва Ироққа бориб қолган фуқаролар, айниқса аёллар ва болаларни ортга қайтариш масаласини ечишда анча илдам қадам босиб қўйганини қайд этди.
Марказий Осиё минтақасида жангарилар ва уларнинг оила аъзоларини репатриация, реабилитация ва реинтеграциясига комплекс ёндашув шаклланганини таъкидлаб, превентив дипломатия бўйича БМТнинг Марказий Осиё учун минтақавий маркази бундан кейин ҳам минтақа мамлакатларини террорчиликка қарши курашишнинг кенг контекстида ҳам, хусусан, хорижий жангариларга қарши туриш каби муайян соҳаларда ҳам қўллаб-қувватлашини билдирди.
Наталья Герман Марказий Осиё давлатлари билан биргаликда глобал аксилтеррорчилик стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасини қайта кўриб чиқиш, хорижий жангари-террорчилар феноменини ҳисобга олиб, янги реалликка мослаштириш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилда Қўшма режа қабул қилинганлигининг 10 йиллигига бағишланган халқаро конфенренция ўтказиш ташаббусини БМТнинг наркотиклар ва жиноятлар бўйича бошқармаси (UNODC) нинг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ашита Миттал ҳам қўллаб қувватлади.
А.Миттал инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, террорчиликка сабаб бўлувчи туб сабаблар масаласига эътибор қаратиш муҳим эканлигини таъкидлади.
Тадбир давомида Марказий Осиё давлатлари ҳамда БМТнинг бошқа махсус идоралари вакиллари сўзга чиқишди. Қатнашувчилар диққатига реал воқеалар асосида суратга олинган, террорчи-жангарилар ва уларнинг оилаларини репатриация қилиш соҳасида минтақа давлатларининг тажрибасидан ҳикоя қилувчи анимацион ролик қўйиб берилди.
Мулоқот қатнашувчилари минтақа ҳукуматлари репатриантларга уларнинг ижтимоий мослашуви ва реинтеграцияси учун ҳар томонлама ижтимоий-ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатишганини қайд этишди. Радикаллашувдан халос қилиш — бу жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари ва ОАВ жалб этиладиган мураккаб чоралар мажмуи эканлиги, уни фақат давлатнинг олий даражадаги қўллови шарти билан бажариш мумкинлиги таъкидланди.
Видеоконфренцияда иштирок этган БМТнинг махсуслаштирилган идоралари вакиллари, экспертлар ва мутахассислар Марказий Осиё тажрибаси қимматли сабоқлар чиқаришга хизмат қилиши ва бошқа давлатлар учун фойдали бўлиши мумкинлиги борасида якдил фикрга келишди.
Тадбир якунида қатнашувчилар Марказий Осиё давлатлари репатриация бўйича халқаро саъй-ҳаракатда етакчи эканлиги, тақдир тақозосига кўра қайноқ нуқталарда бўлиб қолган фуқаролари учун жипслик ва масъулият намоён этаётганлиги таъкидланди.
Мавзуга оид
07:50
БМТ РФнинг Днипрога баллистик ракета зарбасидан хавотирда
15:22 / 21.11.2024
Бокудаги COP29: иқлим ўзгаришига мослашиш харажатларини ким тўлайди?
17:22 / 19.11.2024
«Марказий Осиё – Хитой» қувури орқали 14 йилда етказилган табиий газ миқдори маълум қилинди
00:36 / 19.11.2024