Фан-техника | 22:24 / 01.10.2020
5366
2 дақиқада ўқилади

Amazon харид учун тўловларни кафт билан амалга ошириш тизимини тақдим этди

Amazon компанияси дўконларда харидлар учун тўловни кафт ёрдамида амалга ошириш имконини берувчи янги биометрик технология Amazon One’ни ишга туширишини эълон қилди.

Фото: Amazon

Тўловлар кафтнинг махсус сканерга тутилиши билан амалга оширилади. Бироқ бундан аввал фойдаланувчилар биометрик маълумотларни ўз кредит карталари билан боғлашлари лозим. Шундан кейин кафт билан харидлар учун тўловни амалга ошириш мумкин бўлади.

Маълум қилинишича, ушбу технология дастлаб компаниянинг Сиэтлдаги бош қароргоҳи яқинида жойлашган Amazon Go кассасиз дўконларида қўшимча функция сифатида пайдо бўлади. Сўнгра технология секин-аста бошқа дўконларга татбиқ этилади.

Бундан ташқари, компания ушбу технологиясини бошқа компаниялар – дўконлар, стадионлар ва офис марказларига сотмоқчи.

Компаниянинг офлайн савдо бўйича вице-президенти Дилип Кумар бунда шахсий маълумотлар қай даражада дахлсиз қолиши ҳақидаги саволга жавобан, тизим харидор нима сотиб олгани ва неча пул сарфлаганини эмас, балки фақат харид амалга оширилган жойни қайд қилишини маълум қилган.

“Дахлсизликка келсак, кафт суратлари Amazon One қурилмаларида сақланмайди. Улар шифрланган кўринишда булутли сақлагичга жўнатилади. Фойдаланувчилар биометрик маълумотлари қўлланиб бўлингандан кейин уларнинг ўчириб ташланишини талаб қилишлари мумкин”, деб таъкидлаб ўтган Кумар. 

Мавзуга оид