Жаҳон | 07:50 / 02.10.2020
5875
2 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи Беларуснинг расмий шахсларига қарши санкциялар киритди

Европа иттифоқи саммитининг биринчи куни якунларига кўра ЕИга кирувчи давлатлар етакчилари Беларуснинг расмий шахсларига қарши санкциялар киритиш бўйича келишиб олишди. Еврокенгаш раҳбари Шарль Мишель ЕИнинг санкциялар рўйхатига 40га яқин киши киритилишини эълон қилган. Бироқ улар орасида Беларусь президенти Александр Лукашенко йўқ.

Фото: Shutterstock

“Бугун биз қарор қабул қилдик, жума куни [2 октябрь] у ёзма равишда расмийлаштирилади”, деб айтган Мишель. Унинг таъкидлашича, бу Европа иттифоқи Беларусдаги фуқаролик жамияти, матбуот ва сўз эркинлигини қўллаб-қувватлашига “яққол ишорадир”. Мишель журналистнинг тегишли саволига жавобан рўйхатда Лукашенко йўқлигини тасдиқлаган.

Еврокенгаш раҳбарининг айтишича, санкциялар Беларусда зўравонлик қўлланишига ҳамда президент сайловларидаги сохталаштиришларга жавобгар шахсларга нисбатан қабул қилинган.

Европа иттифоқи саммитининг илк куни, шунингдек, Шарқий Ўрта ер денгизидаги вазият ва Туркия билан муносабатлар, Хитой билан мулоқот, Беларусдаги вазият, Тоғли Қорабоғдаги ихтилоф ва россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши каби мавзулар муҳокама қилинган.  

Аввалроқ Болтиқ давлатлари, Британия ва Канада Беларусь президенти Александр Лукашенко, унинг ўғли Виктор ва беларуслик яна 6 нафар юқори лавозимли мансабдор шахсга қарши санкциялар киритганди. Европа иттифоқи Беларусга қарши санкциялар бўйича аввалроқ келишувга эришган, бироқ уларнинг кучга кириши Туркияга қарши санкциялар киритилишини талаб қилган Кипр томонидан блокланган. Аммо Кипр ЕИ бўйича иттифоқдошларини бунга кўндира олмаган. ЕИ давлатлари Туркияга мулоқот учун яна бир имконият беришга ва бу мавзуни кейинги саммитга қолдиришга қарор қилишган.

Беларусда 2 ойдан бери президент сайловлари натижаларига қарши норозилик намойишлари давом этмоқда. Мухолифат сайловлар натижаларини тан олмаяпти ва улар сохталаштирилган деб ҳисобламоқда.

Мавзуга оид