22:13 / 06.10.2020
10677

«Давлат харидлари бўйича қонун бузилса, жавобгарлик йўқ». Акмал Бурхонов давлат харидлари бўйича ўзгариш бўлишини маълум қилди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов давлат харидлари тизимида қонун талаби бузилаётгани, аммо бунга яраша жавобгарлик йўқлигини таъкидлади.

6 октябрь куни агентлик томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида ташкилот келгуси режалари ва фаолияти юзасидан жамоатчиликка ахборот берилди. Унда агентлик директори давлат харидлари тизимида аниқланган қонун бузилишига тўхталиб ўтди.

«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 43 моддасида электрон дўкон тушунчасига изоҳ берилган. Унга кўра, электрон дўкон махсус талаблар татбиқ этилмайдиган истеъмол товарларининг ва бошқа товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидларини амалга ошириш учун мўлжалланган махсус ахборот порталидаги махсус майдончадир.

Акмал Бурхоновнинг айтишича, электрон дўконда давлат харидлари бир йилда бир марта, давлат буюртмасисиз, базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 минг 500 баробаридаги суммадан кўп бўлмаган товарлар учун амалга оширилади.

«Ушбу чекловларга амал қилинмагани сабабли, 2018-2019 йиллар давомида ва 2020 йилда беш ой давомида 278та давлат ташкилоти томонидан 100 миллиард сўмли битимлар электрон дўкон орқали тузилиб, чекловлардан ортиқча харидлар амалга оширилган. Қонунда электрон дўконда давлат харидлари бир давлат буюртмаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баробаридан ошмайдиган миқдордаги ишлар учун амалга оширилиши қайд этилган. Лекин текширувлар натижасида чекланган миқдорда амал қилмасдан 176 миллиард сўмли битимлар электрон дўконлар орқали тузилиб, чекловдан ортиқча хизматлар амалга оширилган. Яна бошқа бирида 321 миллиард сўмли битимлар қисмларга бўлинган ҳолда электрон дўкон орқали харидни амалга оширган. Аммо буларнинг бирортасига на маъмурий ёки жиноий жавобгарлик бор», — дейди Бурхонов.

Агентлик директорининг таъкидлашича, бу бўйича ҳам ҳозир амалий ишлар бошланган.

«Биринчи навбатда давлат харидлари тўғрисида қонун талабларини бузганларга нисбатан жавобгарлик чорасини белгиловчи нормаларни киритиш ва умуман давлат харидларини очиқ ва шаффоф бўлишини таъминловчи электрон-мониторинг тизимни яратиш устида иш бошладик. Ноқонуний ишларнинг энг асосий сабаби — очиқликнинг йўқлигида. Биз ҳозир масаланинг ичига кирганимиз сари гувоҳи бўлмоқдамизки, жуда ҳам кўп нарса қонундан ташқарига чиқиб кетган», — дейди у.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши ҳақида маълумот берди. Агар вазият тақозо этса, қонун янги таҳрирда қабул қилиниши ҳам мумкин.

Маълумот учун, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун 2018 йили 25 январда парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилиниб, шу йили 29 мартда Сенатда маъқуллангандан сўнг, 2018 йили 9 апрель куни Ўзбекистон президенти томонидан имзоланган.

2019 йил 17 июлда Молия вазирлиги ушбу қонунни янги таҳрирда қабул қилиш ташаббуси билан чиққан ҳамда янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этган. Президент 5 декабрь куни давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва уларга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжат учта муҳим янгиликни ўз ичига олган.

Биринчиси стратегик харид қилувчиларга дахл қилади. Иккинчиси барча давлат буюртмачиларига татбиқ этилади. Учинчи янгилик - 2020 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет ташкилотларининг чет эл валютасидаги маблағларига нисбатан Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақлари очиш орқали ғазна ижроси механизми жорий этилиши белгиланган.

Жорий йил ёз ойлари ҳукумат яна бир ҳужжат лойиҳасини эълон қилди. Унга кўра, давлат харидларини амалга оширишда харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш жараёнлари ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда янада такомиллаштирилади.

Top