Ўзбекистонда ҳуқуқий асос бўлмагани учун бундай кейсларда жавобгарлик масаласи қийинроқ. Шу сабабли халқаро тавсияларга кўра, келаси йилдан бу конвенциясига қўшилиш масаласи ўрганилади, дейди Акмал Бурҳонов. Президент фармонига кўра, Бош прокуратура, Антикоррупция агентлиги ва ташқи ишлар вазирлиги 2024 йил августга қадар халқаро келишувга қўшилиш юзасидан таклифларни администрацияга киритиши лозим.
2023 йил 27 ноябр куни Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга доир президент фармони қабул қилиниб, ҳужжат билан 2023-2024-йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланди. Давлат дастурида коррупцион жиноятларнинг олдини олиш бўйича халқаро ҳамкорлик масаласи ҳам кўриб чиқилган.
Хусусан, келаси йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг “Халқаро молия-тижорат битимларини амалга оширишда хорижий мансабдор шахсларга пора беришга қарши курашиш бўйича конвенцияси”га қўшилиш масаласи ўрганилади. Бош прокуратура, Агентлик ва ТИВ масъул бўлган ушбу фармон талабига кўра, 2024 йил август ойига қадар конвенцияга қўшилиш юзасидан миллий экспертлар гуруҳини шакллантирилади ва асослантирилган таклифлар президент администрациясига киритилади. Kun.uz мухбири Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов билан интервюда ушбу йўналишдаги ўзгаришлар ҳақида сўради.
– Бу халқаро келишувга қўшилиш учун қандай омиллар туртки бўлмоқда? Ўзи келишув бизга қандай масъулият ва ваколатлар беради?

– Ўзбекистон 2008 йилдан бери БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш халқаро конвенциясининг аъзоси ҳисобланади. Бундан ташқари Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Истанбул ҳаракатлар режаси бор, унинг коррупцияга қарши курашиш тармоғига ҳам аъзомиз. Бу ташкилотлар бизнинг халқаро стандартлар доирасида амалга ошираётган ишларимизни доимий равишда мониторинг қилиб боришади.














