Ўзбекистон | 08:35 / 08.10.2020
9558
4 дақиқада ўқилади

Чет эл фуқароларини рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилди

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор президентнинг «Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ қабул қилинган.
 
Norma’нинг хабар қилишича, ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом (1);
  • Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Қорақалпоғистон Республикасида ва вилоятларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом (2);
  • Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом (3).

(1) Низом бошқа давлатлардан келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни (ФБШ) ҳамда Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки ID-картага эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни республика ҳудудида вақтинча бўлиб турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини белгилайди. Ҳужжатда ушбу тоифадаги шахслар учун ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, жойлаштириш воситалари ёки даволаш муассасаларининг электрон тизимлари орқали вақтинча рўйхатга олиш тартиб-таомиллари белгиланган.
 
(2) Низомда бошқа давлатлардан келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасида доимий яшашга рухсатнома бериш ҳамда Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси ёки ID-картага эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби белгиланган.
 
Шунингдек ҳужжат билан қуйидагилар белгиланган:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда доимий рўйхатга олиш тартиби;
  • бошқа жойга кўчишни расмийлаштириш тартиби;
  • чет давлатга чиқиш тартиби;
  • яшаш гувоҳномаси ва доимий рўйхатга олишни бекор қилиш тартиби.

Низомда қуйидагилар қайд этилди:

  • бошқа давлатлардан вилоятга келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга доимий яшашга рухсатнома бериш тартиби;
  • республиканинг бошқа ҳудудларида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вилоятда доимий рўйхатга олиш тартиби;
  • вилоят ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг доимий яшашга рухсатномаси ва доимий рўйхатини бекор қилиш тартиби.

(3) Низом билан қуйидагилар белгиланди:

  • бошқа давлатлардан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга доимий яшаш учун рухсатнома бериш ва доимий рўйхатга олиш тартиби;
  • бошқа жойга кўчишни, чет давлатга чиқишни расмийлаштириш тартиби;
  • Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг доимий яшашга рухсатномаси ва доимий рўйхатини бекор қилиш тартиби.

(2-3) низомлар қонун ҳужжатларига мувофиқ сайёҳлик ва электрон виза билан, 60 кунгача визасиз келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, шунингдек хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари ходимларига ва уларнинг оила аъзоларига татбиқ этилмайди.
 
ИИВга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда 2021 йил 1 январгача бўлган муддатда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартиботларини янада соддалаштириш бўйича амалий чоралар доирасида кўрсатилган хизматлар учун давлат божини биллинг тизими орқали масофавий тўлаш имконияти яратилишини таъминлаш топширилди.
 
Ҳужжат 29.09.2020 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид