Ўзбекистон | 20:27 / 12.10.2020
69813
4 дақиқада ўқилади

Расул Кушербаев — «Ўзавтомоторс», депутатга қарши иш ва ижро ҳокимияти ҳақида

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев «Ўзавтомоторс» иши, судда гувоҳ сифатида сўроқ қилингани, депутатга босимлар ва парламент ҳаёти тўғрисида Kun.uz билан суҳбатлашди. У ижро ҳокимияти, хусусан маҳаллий ҳокимият органларини танқид қилиб, мулоҳазаларини билдирди.

— Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, кўпчиликка фаол депутат Расул Кушербаев ёқмаслиги мумкин, аммо у давлат раҳбарига маъқул. Нима деб ўйлайсиз, айнан нима сабабдан ва кимларга фаол депутатлар ёқмайди?

 — Кўпчилик деганда, оддий фуқаролар эмас, масъуллар назарда тутилган бўлса керак. Сабаби шуки, депутат ҳукумат амалга ошираётган ишларни мақтамай, тизимда хато бўлса, уни очиқ-ойдин айтишидир. Депутат мавжуд камчиликлар юзасидан ўзининг таклиф ва танқид ҳамда эътирозларини билдиради ва бу ўз навбатида масъул шахслар ва мансабдорларга унчалик ҳам хуш келмаслиги мумкин. Аслида буни мен нормал ҳолат деб ҳисоблайман. Агар мансабдор шахс депутатни ёмон кўрса, бу ўша депутатни ишлаётганлигидан, хато ва камчиликларни ошкор этаётганлигидан дарак беради. Биз аксинча амалдорларни депутатлар билан яхши алоқада бўлиб, улар ёқтириб қолишидан қўрқишимиз керак.

— Ўтган вақт давомида сизни бир жиноят судида гувоҳ сифатида иштирок этдингиз. Бу, ўз навбатида, ижтимоий-тармоқларда жуда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу иш айнан сизга қаратилганмиди?

Тўғрисини айтсам, бошидан бу иш менга қаратилмаган, деган ишонч ич-ичимда бор эди. Лекин охирги пайтларда юз берган воқеалар ва ўзимнинг шахсий топган далилларимга кўра, афсуски, бу суд айнан менга қаратилган иш эканлигига ишончим комил бўлди. Мен ҳозир шахсларни исмларини айтолмайман, чунки бу ҳаммамизнинг зараримизга ишлайди.

— Сиз шахсларни айтмасангиз ҳам бу ишларга қайси қилган танқидингиз ёки ишингиз сабаб бўлганлигини айта оласизми?

Бу одамларнинг жойлардаги муаммоларини ҳам ҳал қилиш билан боғлиқ эди. Айнан қурилиш соҳасига алоқадор, чунки мен бу соҳадаги коррупцияни жуда кўп танқид қилганман ва маълум даражада мавжуд муаммоларни ҳал этганман. Хуллас бу ишни бошланиши айнан ўша жой бўлган.

— Кўпчилик хабардор бўлмаслиги мумкин мен қисқача эслатиб ўтаман. Суд давомида судланувчидан Расул Кушербоевга нисбатан кўрсатма олишлик талаби қўйилгани иддао қилинди. Бу эса прокуратура ва расмий идоралар томонидан инкор этилди. Ўз навбатида суд ҳам қисман ижобий натижа билан якунланди. Мана, сиз иккинчи чақириқда ҳам сайландингиз. Биринчи ва иккинчи чақириқ орасида қандай фарқ бор? Парламент ўзгариб, шаффоф ҳолга келмоқдами?

Пандемия сабабли парламент ҳақида тўлиқ тасаввурга ҳам эга бўлолмадим. Парламентда шаффофликка бўлган интилиш бор, лекин аввал қандай темпда бўлса, ҳозир ҳам худди шундай. Яъни жуда кескин ёки катта ўзгариш бўлгани йўқ. Масалан, электрон парламент лойиҳаси якунига етмади, фуқаролар ўзи сайлаган депутатнинг муайян қонун лойиҳалари бўйича қандай муносабат билдиришини кузата олмаяпти.

— Нима сабабдан етарли овоз тўплаган петициялар ўз вақтида, тартибга кўра парламент томонидан кўриб чиқилмаяпти?

Бунинг сабаби овоз тўплаган петицияларни тўғридан-тўғри парламентга ўтказадиган тизим йўқлиги. Орада айрим шахслар ўз манфаатларига кўра, етарли овоз тўплаган петицияларни ўтказишмоқда ёки йўқ.

Суҳбат давомида Расул Кушербаев «Ўзавтомоторс» иши, ижро ҳокимият ва ўзаро тийиб туриш тамойили, фуқаролар ҳуқуқи ҳамда Конституция моддаларига зид ҳужжатлари ҳақида сўз юритган. Интервьюни Youtube орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов. 

Мавзуга оид