Жаҳон | 17:04 / 12.10.2020
24084
2 дақиқада ўқилади

Тихановская Путинга қандай таклифи борлигини айтди

Светлана Тихановская ҳаммаслакларининг стратегияси Беларусь ҳукуматига босим ўтказиш, уни мулоқотга мажбур қилиш ва охир-оқибат янги президентлик сайловларини ўтказиш эканлигини эслатди.

Фото: Reuters

Беларусь президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская Россия президенти Владимир Путин билан учрашмоқчи эканлигини яна бир бор таъкидлади. У TUT.BY сайтига берган интервьюсида Путинга аралашмасликни таклиф қилишини айтди.

 "Биз Россияга қарши эмаслигимизни доим айтиб келганмиз ва Россияда буни тушунишади деб ўйлайман. Лекин менинг, яъни беларусларнинг Путин билан музокаралари Лукашенкони йўқотинг, биз мамлакатни берамиз дегани эмас. Йўқ, асло. Бу музокаралар Россия Беларуснинг ишларига аралашмаслиги, ўз келажагимизни ўзимиз ҳал қилишимизга имконият бериш дегани. Беларусь Россиядан ҳеч қаерга қочмайди, девор қуриб олмаймиз", - деди у.

 Тихановская қувғиндаги ҳукуматни ташкил этиш ғоясига қарши эканлигини айтди. Беларусни тарк этган мухолифатнинг мувофиқлаштирувчи кенгаши аъзоларини ўзларини қувғиндаги ҳукумат деб ҳисобламасликка чақирди. 

 У ҳаммаслакларининг стратегияси Беларусь ҳукуматига босим ўтказиш, уни мулоқотга мажбур қилиш ва охир-оқибат янги президентлик сайловларини ўтказиш эканлигини эслатди.

У “ҳукумат билан мулоқот бошланмагунича” Беларусга қайтишни режалаштирмаганини айтди.

 ЕИнинг қатор мамлакатлари Тихановскаяни Беларусь мухолифати етакчиси деб тан олди. Хусусан, у билан Франция президенти Эммануэль Макрон ва Германия канцлери Ангела Меркель учрашди.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков 7 октябрь куни Россия президенти Тихановская билан учрашишни режалаштирмаганини маълум қилганди.

Мавзуга оид