Жаҳон | 13:03
764
4 дақиқада ўқилади

Тихановскаяга Боннда демократия учун халқаро мукофот топширилди

Беларус демократик кучлари раҳбари Светлана Тихановскаяга Демократия ва ҳуқуқ устуворлиги учун халқаро мукофоти топширилди. Бонндаги маросимда у Украинага халқаро ёрдамни давом эттиришга чақирди.

Фото: Office of Sviatlana Tsikhanouskaya/DW

Беларус демократик кучлари раҳбари Светлана Тихановская Украинага халқаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди. Тихановская якшанба, 7 декабр куни Бонндаги World Conference Center бинoсида нутқ сўзлади, шу ерда унга Демократия ва ҳуқуқ устуворлиги учун халқаро мукофоти топширилди.

«Бугун мен сиздан Беларусни, бизнинг сиёсий маҳбусларимизни, Алесни (Беляцкий — таҳр.) ва Машани (Колесникова — таҳр.) қўллаб-қувватлашингизни сўрамоқчиман. Лекин, энг муҳими, Украинани қўллаб-қувватлашни сўрайман. Чунки бугун Украина бутун Европа учун курашмоқда», — деди Тихановская. «Мамлакатларимиз тақдири ўзаро чамбарчас боғланган. Агар Украина кучли, Россия эса заиф бўлса, бу Беларус учун ҳам имконият дарчасини очади», — дея таъкидлади у.

«Диктаторлар — улар енгилмасдек туюлиши мумкин, тўғрими, лекин бир куни тўсатдан ағдарилади. Берлин девори билан, Совет Иттифоқи билан ёки яқинда — Сурияда (Башар Асад режими билан — таҳр.) содир бўлганидек. Биз бу қачон ва қандай бўлишини билмаймиз, аммо бу содир бўлади. Ва биз бунга тайёр бўлишимиз керак», — деб қўшимча қилди беларус демократик кучлари етакчиси.

Мукофотни таъсис этганлар Светлана Тихановскаянинг эркин ва демократик Беларус қуриш ишига қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этди. Маросим «Бонндаги Демократия учун халқаро мукофот» (IDP) ассоциацияси, шаҳар ҳокимияти ва Шимолий Рейн — Вестфалия федерал ери вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, Тихановская фаолияти Беларус ҳокимиятининг сиёсий худбинлигига чек қўйишга интилaётган инсонлар ҳаракатини ифодалайди, у эса ўзи Украинага қарши Россиянинг тажовузкор урушини қўллаб-қувватлаётган режимга қарши турмоқда.

Мукофот маросими тарихий аҳамиятга эга жойда — собиқ Бундестагнинг пленар залида ўтказилди. Бу бино ҳозирда собиқ пойтахт Бонндаги конференц-марказга айлантирилган.

«Бонн, бир вақтлар эркин Германия пойтахти, тирания зулми остида яшаган шарқ немислари учун умид маёғи эди», — деди Тихановская. «Биз, беларуслар учун, бугун шундай маёқ — Европа Иттифоқи. У ердан биз умид, уй ва оила топяпмиз», — дея қўшимча қилди у.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, Бонн — Европада Минск билан биродарлашган биринчи шаҳар, бу 32 йил аввал юз берган. Залда йиғилганларга мурожаат қилар экан, демократик кучлар раҳбари Минск бир куни Боннга ўхшашига — «демократик, фаровон ва тинч» бўлишига умид билдирди.

Мукофотни қабул қилиб олар экан, Светлана Тихановская Беларусда ҳануз темир панжара ортда қолаётган 1300 сиёсий маҳбус тақдирини эсга солди. У, шунингдек, турмада узоқ йиллар сақланган турмуш ўртоғи Сергей Тихановский озод бўлишини кутмаганини тасдиқлади: «Мен унинг озод этилишини кутмаган эдим, лекин бугун у мен билан — азоб чеккан, аммо синмаган ҳолатда».

«Ўз халқини шафқатсиз эзган ҳукумат ҳеч қачон қўшниларига ҳурмат билан муносабатда бўлмайди. Шу боис, агар биз Европада ҳақиқий ва барқарор тинчликни истасак, қитъамизда тиранияга ҳеч қачон ўрин қолмаслигига ишонч ҳосил қилишимиз керак», — дея хулоса қилди демократик кучлар етакчиси.

IDP ассоциацияси 2007 йилда тузилган. Ўша пайтдан бери нуфузли мукофот, жумладан, чех сиёсатчиси Вацлав Гавел ва Европа Иттифоқининг собиқ ташқи сиёсат хизмати раҳбари Федерика Могеринига ҳам тақдим этилган.

Биринчи маросим 2009 йилда Александр Кёниг номидаги Зоологик илмий-тадқиқот музейида ўтган — айнан шу ерда ғарбий герман парламент кенгашининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтган. У ерда Германия Федератив Республикаси тузилиши учун асос яратилган бўлиб, музейни кўпинча «ГФР конституциясининг бешиги» деб аташади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид