23:29 / 13.10.2020
30126

Apple янги iPhone’ни тақдим этди

Apple iPhone 12 смартфони ва уйга мўлжалланган овоз кучайтиргич – HomePod'нинг мини версияси тақдимотини ўтказди.

Фото: Apple

Apple компанияси Калифорниянинг Купертино шаҳридаги бош штаб-квартирасида асосий флагман маҳсулоти – iPhone смартфонининг 12-талқини тақдимотини ўтказди. Тадбир компания расмий сайтида трансляция қилинди.

Смартфон мобил алоқанинг янги авлоди – 5G технологиясини қўллаб-қувватлайди. Унинг нархи 799 доллардан бошланади.

iPhone 11 билан таққослаганда янги телефон 11 фоизга ингичкароқ, 15 фоизга кичикроқ ва енгилроқ. Қурилмага OLED экрани ўрнатилган, ундаги тасвир чуқурлиги аввалги моделдан икки баробар юқорироқ.

iPhone 12 дисплейи Ceramic Shield ҳимоя ойнаси билан ҳимояланган. Бу смартфоннинг тушириб юборилгандаги ҳимоясини 4 баробарга кучайтиради.

Янги телефонга янги процессор – A14 Bionic ўрнатилган, бу, тақдимотда айтилишича, «исталган бошқа бир смартфоннинг процессоридан 50 фоиз тезроқ» ишлайди.

Янги модел беш хил – қора, оқ, қизил, яшил ва кўк рангда чиқади.

Тақдимотда iPhone 12 Mini ҳам намойиш этилди. iPhone 12 ҳажми 6,1 дюм бўлса, унинг мини версияси 5,4 дюм (худди iPhone 8 каби).

Шунингдек, Apple яна икки янги модель – iPhone 12 Pro (6,1 дюм), iPhone 12 Pro Max (6,7 дюм)ни ҳам тақдим этди. Маълум қилинишича, iPhone Pro Max – компания тарихидаги энг катта дисплейга эга смартфондир.

Нархлар қуйидагича:

  • iPhone 12 mini – 699 доллардан бошланади
  • iPhone 12 – 799 доллардан бошланади
  • iPhone 12 Pro – 999 доллардан бошланади
  • iPhone 12 Pro Max – 1099 доллардан бошланади

iPhone 12 ва 12 Pro учун 16 октябрдан бошлаб буюртма бериш мумкин. 12 Pro Max ҳамда 12 Mini хариди учун буюртмалар эса 13 ноябрдан бошлаб қабул қилинади.

Тақдимотда уй учун мўлжалланган овоз кучайтиргичнинг кичикроқ версияси – HomePod Mini ҳам намойиш этилди. Apple вакилларига кўра, колонка ва iPhone бир-бирини жуда яхши «тушунади»: унинг ёрдамида SMSларни ўқиш ва жўнатиш, билдиришномаларни кўриш ва смартфонни қидириб топиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Apple 15 сентябрда ҳам янги маҳсулотлари тақдимотини ўтказган эди.

Top