20:58 / 14.10.2020
5230

“Союз” кемаси 3 фазогир билан Халқаро коинот станциясига учирилди

Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромидан “Союз МС-17” кемаси ва 3 фазогир билан бирга “Союз-2.1а” ракетаси орбитага учирилди. 

Фото: ТАСС

Ракета Тошкент вақти билан соат 10:45да фазога учирилган. Парвоз стартидан 8 дақиқа ўтиб “Союз МС-17” кемаси ракетанинг 3-поғонасидан ажралиб, ХКС томон йўл олган. 

Кема биринчи марта ХКСга ўта қисқа траектория бўйича учди ва бунга 3 соатга яқин вақт кетди. Кема соат 13:38да ХКСнинг Россияга қарашли сегментидаги “Рассвет” модулига бириккан.

ХКСга россиялик фазогирлар Сергей Рижиков ва Сергей Кудь-Сверчков ҳамда америкалик астронавт Кэтлин Рубинс учган. Улар орбитада 177 кун қолишади. Фазогирлар бу вақт давомида 55 та илмий тажриба ўтказишади ва 2 марта очиқ фазога чиқишади. 

Айни вақтда ХКСда россиялик Анатолий Иванишин ва Иван Вагнер ҳамда америкалик Крис Кэссиди фаолият олиб бормоқда. Улар 22 октябрда Ерга қайтишлари режалаштирилган.

Эътиборлиси, “Союз МС-17” ХКСга Россияга қарашли модулда ҳавонинг ташқарига сизиб чиқиши жойини аниқлаш ва уни бартараф этиш учун мўлжалланган қурилмани етказган. 

20 августда Роскосмос ХКСда ҳавонинг сизиб чиқаётгани қайд қилинганини маълум қилган. Ўшандан бери ХКС экипажи ҳаво сизиб чиқаётган жойни топишга ва уни бартараф этишга уриниб келмоқда.

Top