10:51 / 19.10.2020
6842

Эрдўған ЕХҲТга қарши айбловларни илгари сурди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ЕХҲТнинг Минск гуруҳига кирувчи АҚШ, Россия ва Франция расмийлари Арманистонга қурол-яроғ билан ёрдам кўрсатиши ҳақида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Анадолу» ахборот агентлиги.

Фото: AA

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, АҚШ, Россия ва Франция 30 йилдан бери Тоғли Қорабоғдаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича Минск гуруҳи форматидаги музокараларни якунламаган. Туркия раҳбари ушбу можарода Озарбойжонни қўллаб-қувватлашини билдирган, аммо у Озарбойжон армиясини қурол билан таъминламаслигини таъкидлаган. «Биз улар учун дуо қиламиз. Умид қиламизки, улар муваффақиятли ғалабага эришади», деган у.

Аввалроқ, АҚШ давлат котиби Майк Помпео Қўшма Штатлар Туркия томонидан таъминот етказиб берилаётганидан хабардор эканлигини айтганди. У учинчи мамлакатларни Тоғли Қорабоғдаги можарода қатнашишдан тийилишга чақирган.

Икки собиқ совет иттифоқи республикаси ўртасидаги муносабатлар 1991 йилдан бошлаб кескинлашган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир нечта резолюциялари, шунингдек халқаро ташкилотлар ишғол қилувчи кучларнинг чиқиб кетишини талаб қилмоқда. Россия, Франция ва АҚШ уруш ҳаракатларини тўхтатишга чақирмоқда. Туркия эса Бокунинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлади ва Арманистон кучларини олиб чиқишни талаб қилди.

Top