Ўзбекистон | 17:13 / 19.10.2020
24261
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг аста-секин пасайиб бориши кутилмоқда

Бугун ва эртага Ўзбекистон ҳудудига қуруқ ва иссиқ ҳаво массаси таъсир этиши кузатилади. Республикада кам булутли об-ҳаво давом этади, кундузи ҳаво ҳарорати 24-27 даражагача кўтарилади, бу эса шу кунларнинг иқлимий меъёридан 4-5 даражага юқори.

21 октябрь куни республиканинг шимолий ҳудудлари орқали Ғарбий Қозоғистон ҳамда Волгабўйи устида вужудга келган совуқ ва нисбатан нам ҳаво массаси кириб келади. 

«Ўзгидромет» хабарига кўра, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида булутлар кўпаяди, кечқурун эса шамолнинг тезлиги 15-20 м/с.гача эсиб, қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Республиканинг қолган қисмида қуруқ, кам булутли об-ҳаво кутилмоқда.

22-23-октябрь кунлари салқин ҳаво бутун Ўзбекистон ҳудудига тарқалади. Республиканинг барча ҳудудларида булут қоплами ортиши, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда айрим жойларда ёмғир ёғиши, баланд жойларда эса ёмғир қорга айланиши мумкин. Республиканинг айрим вилоятларида шамолнинг тезлиги 15-20 м/с.га етиши мумкин.

Ҳаво ҳарорати аста-секин пасайиб боради ва кечаси 3-8 даража илиқни, шимолда 0-3 даражагача совуқ ва кундузи 13-18 даражани иссиқни ҳосил қилади, бу эса шу кунлар учун ҳарорат меъёрларидан 3-5 даражага паст бўлади.

Мавзуга оид