12:45 / 20.10.2020
4677

Австралия ўрмонлари дронлар ёрдамида тикланмоқда

Фото: Reuters

Aвстралиянинг шарқий қирғоғидаги коала сонини кўпайтириш дастурида ихтисослашган дронлардан фойдаланилмоқда. Бутунжаҳон ёввойи табиатни асраш фонди (WWF) мамлакатнинг тарихий ёнғинларида ёнган бутазорларни қайта тиклаш учун сақич дарахтлари уруғларини дронлар ёрдамида сепиб чиқмоқда.

Сақич дарахти барглари коаланинг асосий озиқ-овқат манбаи ҳисобланади. 2019-2020 йилнинг ёнғинларида вайрон бўлган бутазор ва ўрмонларни тиклаш коалаларнинг омон қолишига ёрдам беради.

WWF'нинг ҳисоб-китобига кўра, ёнғинлар сабаб 3 миллиард сут эмизувчи, қуш ва судралиб юрувчи нобуд бўлган ёки кўчирилган. Aвстралиянинг жануби-шарқида 11 миллион гектар ҳудуд бўйлаб 7 миллиард донагача дарахт ёниб кетган ёки зарар кўрган. Бу Буюк Британиянинг ярим майдонига тенг дегани.

WWФ'нинг Aвстралия бўлими шарқий соҳилда коала сонини икки баравар кўпайтиришни мақсад қилиб, уруғ экишда учувчисиз дронлар ва бошқа усуллар синовини молиялаштириш учун 5 йил давомида 300 миллион Австралия доллари (210 миллион АҚШ доллари) йиғмоқчи.

WWФ'нинг баъзи учувчисиз самолётлари кунига 40 минг дона уруғ экиши мумкин ва бу ёнғин парчалаган ландшафтларни тиклашга ёрдам беради.

Июнь ойида парламент сўровида Янги Жанубий Уэльс штатидаги коалалар ва уларнинг яшаш жойларини ҳимоя қилиш учун зудлик билан чоралар кўрилмаса, 2050 йилгача йўқ бўлиб кетиши мумкинлиги аниқланди.

Aвстралиядаги ўрмон ёнғинлари мавсуми охирги йилларда, айниқса, фалокатли ўтмоқда. Улар кўп йиллар давом этган қурғоқчиликдан сўнг бутазорларни қуритиб, 34 кишининг ўлимига сабаб бўлган, 3000 га яқин уй вайрон бўлган.

Top