21:48 / 21.10.2020
17456

Дунёдаги энг кучли музёрар кема фойдаланишга топширилди

Россиянинг янги музёрар кемаси “Арктика” атом флотига фойдаланишга топширилди. Ушбу кема дунёдаги энг кучли музёрар кема деб эътироф этилган. 

Фото: РИА Новости

“Атомфлот” ва кемани қурган “"Балтийский завод” компанияси раҳбарлари Мустафа Кашка ва Алексей Кадилов Мурманск портида кемани топшириш-қабул қилиш далолатномасини имзолашган. Кемани фойдаланишга топшириш маросимида Россия бош вазири Михаил Мишустин иштирок этган.

“Арктика” 22220 лойиҳасидаги музёрар кемалар тоифасига киради. Бу кемалар дунёдаги энг кучлилари ҳисобланади. Улар 3 метргача қалинликдаги музларни ёриб, кемаларга йўл очади. 

“Арктика”ни қуришга шартнома 2012 йилда имзоланиб, унга 37 млрд рубль ажратилган. Кеманинг узунлиги 173,3 метрни, эни 34 метрни, сув сиғимдорлиги 33,5 минг тоннани ташкил қилади. Ҳаммаси бўлиб шундай кемадан 5 та қуриш режалаштирилган.

Кема синовлар вақтида 3 ҳафта давомида 4,8 минг денгиз милини босиб ўтиб, Шимолий қутбгача етиб борган.

Top