Жаҳон | 12:13
1176
3 дақиқада ўқилади

Арктика хавфсизлиги: Германия Россия ва Хитой таҳдидларига ишора қилди

Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари Борис Писториус Россия ва Хитой томонидан келаётган таҳдидлар фонида бундесвер ҳамда НАТОнинг бошқа европалик аъзолари армиялари Арктикадаги иштирокини ошириши мумкинлигини айтди. АҚШ айнан шу таҳдидлар билан Гренландияни қўшиб олиш зарурлигини асосламоқда.

Фото: Sean Gallup/Getty Images

Германия мудофаа вазири Борис Писториус АҚШнинг Гренландияга нисбатан ҳудудий даъволари, шунингдек Россия ва Хитой томонидан келаётган таҳдидлар фонида Арктикада бундесвер ҳамда НАТОга аъзо бошқа европалик давлатлар армиялари иштироки кучайтирилиши мумкинлигини истисно этмади. У бу ҳақда 13 январ, сешанба куни Берлинда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас билан учрашувда баёнот берди.

Писториус сўзларига кўра, Арктикага кучайтирилган ҳимоя зарур, бу — жумладан минтақада Россия ҳарбий иштирокини тобора ошираётгани билан ҳам боғлиқ. Вазир Гренландия, Исландия ва Буюк Британия ўртасидаги денгиз йўлларининг Шимолий Атлантика хавфсизлиги учун алоҳида аҳамиятини таъкидлади. У қўшимча қилиб, эҳтимолий можаро ҳолатида Россия ушбу йўллардан “Американи Европадан ва аксинча Европани Америкадан яккалатиш” учун фойдаланиши мумкинлигини айтди.

Германия мудофаа вазири алоҳида таъкидлашича, Арктика минтақасининг хавфсизлиги фақат АҚШ манфаатларига эмас, балки бутун НАТО манфаатларига ҳам мос келади. У алянснинг Арктика акваториясини мониторинг қилиш бўйича қўшма миссиясини ташкил этиш тарафдори эканини билдирди.

“Гап кузатиш, патруллик қилиш, сув остида, сув устида ва ҳавода нима бўлаётганини кўра билиш ҳақида кетяпти. Гап, мен айтганимдек, разведка ва жойида мунтазам машғулотлар ўтказиш ҳақида кетяпти — бу билан у ерда иштирокимиз борлигини кўрсатамиз”, — деди Писториус.

Бундан олдин Доналд Трамп Гренландияни қўшиб олиш учун куч ишлатиш мумкинлигини яна бир бор таҳдид сифатида тилга олган эди. “Гренландия масаласида биз нимадир қиламиз — уларга ёқадими-йўқми”, — деган у Оқ уйда. АҚШ президенти, шунингдек, Арктикада Россия ва Хитой таҳдидларини келтириб, Гренландияга нисбатан ҳудудий даъволарини асослаган. Оқ уй раҳбарининг таъкидлашича, “агар буни Қўшма Штатлар қилмаса, Гренландияни Россия ёки Хитой эгаллаб олади”.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид