Жамият | 12:27 / 21.10.2020
10580
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Рустам Шодиев вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, таниқли олим, иқтисодиёт фанлари доктори, собиқ меҳнат вазири ўринбосари, туризм соҳаси ривожига катта ҳисса қўшган мутахассис, профессор Рустам Шодиев вафот этди.

Рустам Шодиев 1938 йил 15 майда зиёлилар оиласида туғилган. 1955 йилда Тошкент шаҳридаги 28-сонли мактабни олтин медал билан тугаллаб, Москва давлат иқтисодиёт институтига ўқишга кирган.

У ўз меҳнат фаолиятини 1960 йилда Ўзбекистон Фанлар Академияси иқтисодиёт институтида лаборантликдан бошлаган ва 26 йил давомида кичик илмий ходимдан то илмий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимигача бўлган поғоналарни босиб ўтган. 

1967 йилда Москва шаҳрида номзодлик, 1981 йилда эса докторлик диссертациясини ёқлаган. 1983 йилда профессор унвонини олган.  

1980-1984  йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) “Сурия Араб Республикасида меҳнатни ташкил этиш ва самарадорлигини ошириш” номли лойиҳасига раҳбарлик қилган. Сафардан қайтгач, меҳнат вазири ўринбосари ва Ташқи ишлар вазирлигида бошқарма бошлиғи лавозимларида ишлаган. Банк-молия академияси илмий марказига раҳбарлик қилган.
 
1997 йилдан 2005 йилгача Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Жаҳон иқтисодиёти” кафедраси мудири, 2005-2019 йилларда эса Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Халқаро туризм”  кафедраси профессори лавозимида фаолият юритган.

У ўзбек тилида илк бор 2005 йилда ва кейинчалик қайта чоп этилган “Жаҳон иқтисодиёти” фани дарслигининг муаллифидир. 120дан ортиқ мақолалари (улардан 18таси хорижда) ва 4та (биттаси инглиз тилида) йирик монографияси чоп этилган. 3 нафар фан доктори ва 30 нафар иқтисодиёт фанлари номзодини тайёрлаган. 1988 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” унвонига сазовор бўлган.
 
Рустам Шодиев ЎзФА Кибернетика институтида, кейинчалик Меҳнат вазирлиги қошидаги илмий текшириш институтида катта илмий ходим лавозимида ишлаган.