20:27 / 21.10.2020
54508

Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари вафот этди

Тошкент вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Баҳодирбек Муллахонов вафот этди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу ўлим ҳолатини тасдиқлаб, таъзия билдирган.

«Ажойиб инсон, камтар ва билимли раҳбар Баҳодирбек Муллахонов меҳнат фаолияти давомида халқ хўжалигининг турли соҳаларида сидқидилдан меҳнат қилган. Хусусан, юртимизда банк-молия соҳасининг ривожланишида унинг муносиб хизматлари борлигини соҳа ходимлари яхши билар ва чуқур қадрлар эди. 

У Тошкент вилояти ҳокимлигида ишлаган нисбатан қисқа муддатда кўплаб ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга бошчилик қилган, ҳамкасблари ўртасида ардоқли устоз ва дўст сифатида катта ҳурмат қозонган эди. 

Баҳодирбек Муллахоновнинг оила аъзолари, яқинлари ва сафдошларига чуқур таъзия билдирамиз. Ҳамкасбимиз ва дўстимиз ажойиб инсон Баҳодирбек Муллахоновнинг ёрқин хотираси қалбимизда бир умр сақланиб қолади», дейилади ҳокимлик матбуот хизмати хабарида.

Баҳодир Муллахонов 2015 йилдан «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси сифатида ишлаган, 2020 йилнинг февралида Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари лавозимига тайинланганди.

  • Маълумот учун, пандемия даврида ҳудудий раҳбарлар орасида бир неча ўлим ҳолатлари қайд этилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, сенатор Муса Ерниязов, Бухоро вилояти ҳокими Карим Камалов, бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев коронавирус туфайли вафот этган.
  • Июль ойида Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани ҳокими Даулет Толибаев коронавирус қурбони бўлганди. 8 сентябрь куни Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани ҳокими Ғайрат Бегалиев ва унинг ўринбосарларидан бири коронавирус асоратлари оқибатида вафот этди. 
  • Сентябрь ойи бошида Каттақўрғон тумани прокурори Ойбек Хўжаев вафот этганди.
  • 29 сентябрь куни Андижон вилоятидаги Хонобод шаҳри ҳокими Мусахон Мамадалиев вафот этгани маълум бўлди.
  • 7 октябрь куни Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Баҳромжон Нурматов ҳамда Андижон вилояти Олтинкўл тумани ҳокими Назиржон Ўринбоев касаллик оқибатида оламдан ўтгани хабар қилинди.
  • 19 октябрь куни эса Самарқанд вилояти ва Қўшработ туманининг собиқ ҳокими, сўнгги йилларда Каттақўрғон тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Аъзамхон Баҳромов 60 ёшида вафот этди. 
Мавзуга оид
Top