Жаҳон | 14:27 / 21.10.2020
11863
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг Хитой банкида ҳисобрақами борлиги маълум бўлди

Қайд этилишича, Хитойдаги бир нечта корхона Трамп ташкилотига тегишли. Биргина THC China Development корхонаси 2017 йилда 17 миллион доллардан ортиқ даромад келтирган.

Фото: AP Photo / Alex Brandon

The New York Times газетаси АҚШ президенти Дональд Трампнинг Буюк Британия, Ирландия ва Хитойда ҳисобрақамлари борлигини аниқлади.

Ҳужжатларга кўра, Хитойдаги ҳисобрақамни Trump International Hotel Management LLC компанияси назорат қилади. Компания 2013 йилдан 2015 йилгача 188 минг доллар солиқ тўлаган.

Ташкилот юристи Алан Гартеннинг изоҳ беришича, компания Хитой банкидаги ҳисобрақамини бизнес юритиш қулай бўлиши учун очган. Трамп президентлик кампаниясига қадар бу мамлакатда меҳмонхоналар очишни мўлжаллаган, аммо кейинчалик лойиҳа музлатилган. 

 "2015 йилдан буён бирорта ҳам келишув тузилмаган, пул ўтказмалари амалга оширилмаган, офис ишламаяпти. Банк ҳисобрақами ёпилмаган бўлса-да, ундан фойдаланилмаяпти", — деб қўшимча қилган юрист.

 Шу билан бирга, Хитойдаги бир нечта корхона Трамп ташкилотига тегишли. Биргина THC China Development корхонаси 2017 йилда 17 миллион доллардан ортиқ даромад келтирган.

Трамп аввалроқ АҚШ президенти сайловидаги рақобатчиси Жозеф Байденни Хитойга ён босишда айблаганди.

Мавзуга оид