Иқтисодиёт | 15:16 / 22.10.2020
3066
3 дақиқада ўқилади

Сентябрь ойида йиллик инфляция даражаси 11,7 фоизни ташкил этди – Марказий банк

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки биносида «Пул-кредит сиёсатининг 2021 йил ва 2022-2023 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналиши» ҳамда асосий ставка бўйича Бошқарув йиғилиши қарори юзасидан Марказий банк раиси иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов Ўзбекистонда сентябрь ойида йиллик инфляция даражаси 11,7 фоиз бўлгани ҳақида маълум қилди.

«Бизнинг кузатувларимиз ва Статистика қўмитасининг маълумотлари жорий йил сентябрь ойида йиллик инфляция даражаси 11,7 фоизни ташкил этганини тасдиқлади. Биз кутаётган прогноз даражасидан пастроқ ҳам бўлди. Бироқ иқтисодиётда айрим инфляцион хатарлар сақланиб қолаётгани бизни маълум жиҳатдан ташвишга солади.

Карантин чекловлари бекор қилинганидан кейин ялпи истеъмол талаби тикланиб бораётганини ҳаммамиз кўряпмиз. Бу иқтисодий ўсишни таъминлаш учун зарур ҳолат», деди Мамаризо Нурмуратов.

Унинг сўзларига кўра, жорий йил сентябрь ойида инфляция суръатлари августдагига нисбатан тезлашган. Инфляция тезлашиши, асосан, карантин чекловлари бекор қилинганидан сўнг ялпи талабнинг тикланиши, мавсумий омиллар ва айрим асосий товарлар нархларининг ўсиши билан боғлиқ бўлди.

Мева ва сабзавотлар нархларининг йиллик ўсиши сентябрь ойида 13,9 фоизни ташкил этди. Базавий инфляция даражаси эса, аксинча, пасаювчи тенденцияга эга бўлди ва йиллик 11,9 фоизгача пасайди.

Сентябрь ойининг сўнгги ўн кунлиги ҳамда октябрь ойида айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг (шакар - 19,9 фоизга, кунгабоқар ёғи - 17,9 фоизга, ун - 2,6 фоизга) ўсиши сезиларли даражада тезлашди. Бу ўз навбатида, таклиф омилларини тартибга солиш бўйича чоралар ишлаб чиқиш, хусусан, товарлар бозорида рақобатни ривожлантириш ҳамда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон бозорларидаги нархлари ва маҳаллий нархлар ўртасидаги номутаносибликларни бартараф этиш заруриятини юзага келтиради.

Бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирларни инобатга олиб, инфляцияни оширувчи ушбу омилларнинг таъсири қисқа муддатли характерга эга бўлиши ҳамда узоқ муддатли инфляция трендига сезиларли таъсир кўрсатмаслиги кутилмоқда.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари жорий йилнинг август ойига нисбатан сезиларли ўзгаришларсиз қолди. Шу билан бирга, сезилган инфляция даражаси ва инфляцион кутилмалар амалдаги инфляцияга нисбатан юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, респондентлар келгуси ойларда нархларнинг ошишини, биринчи навбатда, пандемия таъсири, монопол товар ва хизматлар нархларининг қимматлашиши ҳамда рақобат муҳитининг ёмонлашуви билан изоҳлашмоқда.  

Мавзуга оид