Марказий банкнинг тўлов тизимида жисмоний шахслар учун мобил рақамдан фойдаланган ҳолда уларнинг банк ҳисобварақларидан тўғридан тўғри ўтказмалар хизмати жорий қилинади. Регуляторнинг тезкор тўловлар тизимида жисмоний шахслар ўртасида “P2P” ўтказмаларини амалга ошириш имконияти ишлаб чиқилади ва тўлов хизматлари кўрсатувчиларга Open API кўринишида тақдим этилади.

Бу – 27 ноябр куни имзоланган “Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида белгиланди.

Унга кўра, шунингдек, чакана банк хизматлари ва тўлов хизматлари бозорида рақобатни рағбатлантириш мақсадида мажбурий мижозлар аудиториясидан воз кечган ҳолда фойдаланувчиларга банк картасини очишда имкониятлар яратилади. Бунда фуқароларга ўз маошини оладиган банкини ёки электрон ҳамён провайдерини танлаш ҳуқуқи берилади.

Савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари учун универсал QR-код ҳам жорий этилади. QR-кодлар орқали тўловларни амалга оширишнинг ягона стандартлари татбиқ қилинади.