Жаҳон | 14:37 / 23.10.2020
5121
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг учта шаҳри Трамп маъмуриятини судга берди

Ушбу ҳафтада АҚШ адлия вазирлиги Нью-Йорк, Портленд ва Сиэтлни ҳокимиятлари тартибсизлик, зўравонлик ва мол-мулк йўқ қилинишига йўл қўйган шаҳарлар деб топганди.

Фото: REUTERS / Jonathan Ernst

Нью-Йорк, Портленд ва Сиэтл шаҳарлари ҳокимиятлари бу шаҳарлар раҳбариятини тартибсизлик, зўравонлик ва мол-мулк йўқ қилинишига йўл қўйган деб топгани учун АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятини судга берди. Бу ҳақда CNN телеканали хабар бермоқда.

 Даъво Вашингтон федерал округ судига киритилган. Нью-Йорк адлия департаменти раҳбари Жим Жонсоннинг сўзларига кўра, уч шаҳар ҳокимиятлари Трамп маъмурияти ҳукумат субсидияларини ажратишда "аниқ қадам" қўйишни бошлагани учун судга мурожаат қилган. Даъво аризасида таъкидланишича, мамлакат раҳбарияти конгресс ва штатлар ҳукуматлари ваколатларига зид иш қилмоқда.

 "Бу ахлоққа зид, ҳуқуқий нуқтаи назардан номақбул ва конституцияга тўғри келмайди, бунга қарши курашамиз", - деди Нью-Йорк мэри Билл де Блазио.

 Ушбу ҳафтада АҚШ адлия вазирлиги Нью-Йорк, Портленд ва Сиэтлни ҳокимиятлари тартибсизлик, зўравонлик ва мол-мулк йўқ қилинишига йўл қўйган шаҳарлар деб топганди.

 Трамп аввалроқ тартибсизликларга қарши етарлича кураш олиб бормаётган шаҳарларни давлат томонидан молиялаштирилишдан маҳрум қилишга қаратилган меморандумни имзолаганди. Трамп бу чоралар Сиэтл, Портленд, Нью-Йорк ва Вашингтон шаҳарларига нисбатан қўлланилиши кераклигини айтганди.

Мавзуга оид