Иқтисодиёт | 15:08 / 23.10.2020
6639
3 дақиқада ўқилади

«Барча ҳаракатларимиз инфляцияни ушлаб туришга қаратилган» – МБ раиси

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов инфляция кўрсаткичи ўсмаслиги, уни ушлаб туриш учун пул сиёсати қатъийлаштирилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Барча ҳаракатларимиз инфляцияни ушлаб туришга қаратилган. Агар эътибор қилган бўлсангиз, кўплаб мамлакатлар, савдо ҳамкорларимиз қайта молиялаштириш ставкасини кескин пасайтиришди. Биз икки марта пасайтирдик, бироқ нисбатан камроқ ҳажмда. Бу ҳам инструментлардан бири.

Бошқа инструментлардан ҳам фойдаланяпмиз. Биз учун инфляция энг муҳим масала. Ликвидлик, ликвидлик абсорбацияси, пул массасини тартибга солишнинг бошқа инструментлари, пул шароитларини ўзгартириш бўйича бошқа тасаввурларимиз бор. Биз улардан фойдаланяпмиз.

Мисол учун, биз бу ойда тижорат банкларига 2 триллион сўм миқдорида ликвидлик тақдим этдик. Бу инфляция даражасига қандай таъсир кўрсатди? Айтишим керакки, унинг таъсири минимал даражада.

Нима учун? Биз тижорат банкларига ликвидликни жорий ҳисоб-китоб, тўловларни амалга ошириш, уларнинг ликвидлигини қўллаб-қувватлаш учун тақдим этамиз. Бу ерда унинг инфляцион омили минимал. Агар бизнинг тижорат банкларига тақдим этилган кредитларимиз иқтисодиётга кредитлар кўринишида қўйилганида, ҳа бу ерда ҳис қилган бўлардик.

Биз бу ричагдан ҳозир минимал даражада фойдаланяпмиз. Ҳар сафар ҳар бир банкка индивидуал ёндашамиз», дея Марказий банк раиси сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

У фоиз ставкасининг пасайтирилиши капиталнинг мамлакатдан чиқиб кетиши ва миллий валюта курсининг хорижий валюта нисбатан пасайишига олиб келиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Фоизларнинг мақбул чегараси борасида қарор қабул қилаётганимизда узоқ вақт давомида баҳслашдик. Бизда ҳам тижорат банкларидан маблағ чиқиб кетиши ва валюта курсининг ўзгариши борасида қўрқувлар бўлди.

Бу борада шуни айтишим керакки, биз бу сиёсатнинг тижорат банклари депозитларига таъсирини сезмадик. Жорий йилнинг 9 ойини кўздан кечирадиган бўлсак, жами пул массаси 16,7 фоизга ўсди. Миллий валютадаги депозитлар эса 18,7 фоизга ўсди.

Бу билан айтишимиз мумкинки, мақбул фоиз сиёсати тижорат банклари депозитларининг камайиши ёки ўзгаришига сезиларли даражада таъсир қилмади», дея Марказий банк раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мамаризо Нурмуратов фоиз ставкасининг пасайтирилиши миллий валюта курсига ҳам таъсир қилмаганини айтди.

«Айтишим керакки, курснинг волатиллиги март-апрель ойларида кучли сезилди. Ундан кейин миллий валюта курси хотиржам ҳолатда ушланиб турибди. Бозорнинг бу сегментида ҳам фоиз ставкаларининг пасайтирилиши борасидаги чоралар таъсирини сезмадик», деди у.

Аввалроқ, Марказий банк сентябрь ойида йиллик инфляция даражаси 11,7 фоизни ташкил қилгани ҳақида маълумот берган эди.

Мавзуга оид