Иқтисодиёт | 18:09
446
2 дақиқада ўқилади

Ижобий тенденциялар секинлашган ва ташқи хатарлар бор – МБ раиси асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилгани ҳақида

Март ойи якунларига кўра, Ўзбекистонда инфляция 7,1 фоизгача секинлашди. Шундай бўлса-да, Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Регулятор раиси Тимур Ишметов буни инфляциянинг пасайиш тенденцияси сақланиб қолаётган бўлса-да, жараён секинлашгани, шунингдек, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг юқорилигича қолаётгани билан изоҳлади.

Фото: Kun.Uz

29 апрел куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида регулятор раҳбари Тимур Ишметов нима учун инфляция пасайиб бораётганига қарамай асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилганига изоҳ берди.

«Бугунги йиғилишда битта масала кўрилди, сақлаб қолиш. Умумий инфляция ҳам, базавий инфляция ҳам пасайишда давом этяпти. Бу ижобий ҳолат. Шу билан бирга, пасайиш тенденцияси секинлашган, айрим маҳсулотлар бўйича эса пасайиш юзага келмаганлиги, айниқса, аҳоли учун муҳим бўлган озиқ-овқат маҳсулотларида ҳалигача нарх ўсиши умумий инфляциядан юқорироқ шаклланаётгани сабаб қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттиришга қарор қилдик.

Мана, инфляция 7,1 фоиз, лекин ҳалигача ставка юқори. Кўпроқ пасайишга шароит бўлмадими, деган саволларни эшитяпман. Албатта, ижобий тенденцияни кўряпмиз, лекин бу жараён секинлашган ва ташқи хатарлар борлигини инобатга олиб, асосий ставкани ўзгаришсиз сақлаб қолишга қарор қилдик», деди МБ раиси.

Маълумот учун, Марказий банк асосий ставкаси охирги марта 2025 йил 20 март куни 0,5 фоизга оширилганди. Шундан буён ўзгаришсиз сақлаб қолиняпти.  

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид