12:46 / 23.10.2020
17802

Дам олиш кунлари совуқ ҳаво оқими чекина бошлайди - «Ўзгидромет»

Эртага ҳаво оқими шарққа томон силжийди. Ёғингарчилик эҳтимоли фақат республиканинг айрим тоғли ҳудудларидагина сақланиб туради. Якшанба куни жануби-ғарбий оқимлар ҳисобига совуқ ҳаво Ўзбекистон ҳудудидан чекинади. Бутун республика бўйича об-ҳаво кам булутли ва қуруқ бўлади.

Кеча Ўзбекистон ҳудудига Уралдан совуқ ҳаво оқими кирди. Бутун республика ҳудуди бўйича булутлилик ортди, Фарғона водийси вилоятларида, тоғли ва тоғолди ҳудудларида ёмғир, баланд тоғли ҳудудларда қор ёғди. Тошкент ва Наманган вилояти тоғларида 2000 м.дан юқори зоналарда қор қоплами ҳосил бўлди. Ўтган иссиқ давр билан солиштирганда ҳаво ҳарорати 8-10 даражага пасайди.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, бугун Ўзбекистон ҳудуди совуқ ҳаво оқим таъсирида бўлади. Республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво булутли бўлади, ёғингарчилик бўлмайди, фақат Фарғона водийси вилоятларида айрим жойларга ёмғир ёғади, тоғли ва тоғолди ҳудудларда айрим жойларга ёмғир, қор ёғади. Ҳарорат 13-18 даража атрофида бўлади.

Эртага ҳаво оқими шарққа томон силжийди. Ёғингарчилик эҳтимоли фақат республиканинг айрим тоғли ҳудудларидагина сақланиб туради. Мамлакат ҳудуди устида булутлилик сақланиб туриши ҳисобига эртага ҳарорат ўзгармайди.

Якшанба куни жануби-ғарбий оқимлар ҳисобига совуқ ҳаво Ўзбекистон ҳудудидан чекинади. Бутун республика бўйича об-ҳаво кам булутли ва қуруқ бўлади. Кечаси ҳарорат 3-6 даража, кундузи 17-20 даража илиқ бўлади, бундай ҳарорат меъёрий қийматлардан бироз паст.

Top