Жаҳон | 09:17 / 23.10.2020
9799
3 дақиқада ўқилади

Хитой АҚШга Тайвань сабабли қасос олиш билан таҳдид қилмоқда

Фото: Reuters

Хитой пайшанба куни Тайванга қуроллар сотганлиги учун АҚШга қасос олиш билан таҳдид қилган. Тайвань Пекин билан қуролланиш пойгасига киришмоқчи эмаслигини таъкидлаган бўлса-да, қуролларни мамнуният билан қабул қилган.

Трамп маъмурияти Тайванни қурол-яроғ савдоси ва АҚШнинг юқори лавозимли мулозимлари ташрифи орқали қўллаб-қувватлаган. Бу эса Жанубий Хитой денгизи ва Гонконгдаги инсон ҳуқуқлари ва савдо масалалари юзасидан аллақачон пайдо бўлган Пекин ва Вашингтон ўртасидаги зиддиятларни янада кучайтирган.

Пекин Хитой суверенитетини қабул қилиш учун демократик йўл билан бошқариладиган Тайвань бўйлаб, шу жумладан, норасмий тампон вазифасини ўтайдиган Тайвань бўғозининг ўрта чизиғи бўйлаб қирувчи самолётлар орқали босимни кучайтирган.

АҚШнинг Тайванга 1,8 миллиард долларлик потенциал қурол-яроғ савдосини маъқуллашига жавобан Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Чао Лижиан кундалик янгиликлар брифингида бундай савдоларни тўхтатиш кераклигини айтган.

Савдолар «Хитойнинг ички сиёсатига аралашиш ҳисобланиб, Хитойнинг суверенитети ва хавфсизлик манфаатларига жиддий зарар етказади, Тайвань мустақиллиги учун курашаётган кучларга нотўғри сигнал беради, Хитой ва АҚШнинг Тайвань бўғозидаги тинчлик-барқарорлик муносабатларига путур етказади», – деган у.

«Хитой вазият қандай ривожланишига қараб қонуний ва зарурий жавоб қайтаради», – дея қўшимча қилган Чао.

Чао тафсилотларга тўхталмаган, аммо Хитой илгари АҚШ компанияларига Тайванга қурол сотганлиги учун санкциялар киритган эди.

АҚШнинг сўнгги русумдаги қурол-яроғлар тўплами датчиклар, ракеталар ва артиллериялар, шунингдек, General Atomics томонидан ишлаб чиқарилган учувчисиз учар қурилмалар ва қирғоқ мудофаачиси сифатида хизмат қиладиган Boeing Co томонидан ишлаб чиқарилган кемаларга қарши Harpun қуруқликдаги ракеталар тизими бўлиб, улар конгресснинг кейинги хабарномаларида ўз тасдиғини топиши кутилмоқда.

Тайбэйда Тайвань Мудофаа вазири Ен Де-фа Қўшма Штатларга миннатдорчилик билдирган ва қуроллар Тайванга «душман таҳдиди ва фавқулодда вазият» билан курашиш учун мудофаа қобилиятини яхшилашга ёрдам беришини айтган.

Мавзуга оид