16:50 / 24.10.2020
49457

«UzAuto Motors» импорт машиналар учун бож тўламайдими? Депутатлар яна бир сўров юборди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Расул Кушербаев, Дониёр Ғаниев ҳамда Бекмирза Эшмурзаев томонидан имзоланган импорт машиналар бож тўловига оид депутатлик сўрови Молия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитасига юборилди.

Chevrolet Trailblazer

Жорий йил 23 октябрь куни бир гуруҳ парламент депутатлари ҳукуматдан импорт қилинаётган машиналар юзасидан пайдо бўлаётган масалаларга изоҳ беришини сўраган. Депутатлар Расул Кушербаев, Дониёр Ғаниев ва Бекмирза Эшмурзаевнинг фикрича, импорт қилинаётган автомашиналар учун «UzAuto Motors» АЖ ва «Жиззах автомобиль заводи» МЧЖ томонидан импорт божи ва утилизация йиғими тўланмаётган бўлиши мумкин.

Расул Кушербаевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, Chevrolet Tahoe, Traverse, Trailblazer ва Equinox автомашиналари Chevrolet компаниясининг АҚШ, Хитой ва Таиланддаги заводларидан келтирилиши кўрсатиб ўтилган. 

«Бундан ташқари, «Ўзавтосаноат» таркибидаги «Жиззах автомобиль заводи» МЧЖ шу йил июлдан Volkswagen Caddy автомашиналарини, октябрь ойидан эса Škoda Kodiaq автомашиналари сотувини бошлаган. Очиқ манбаларда келтирилишича,  ушбу машиналар Польшадаги заводдан импорт қилинади», — дейди депутат Кушербаев.

Унинг айтишича, «UzAuto Motors» АЖ ва «Жиззах автомобиль заводи» МЧЖ томонидан импорт қилиниб, дилерлик тармоғи орқали таклиф этилаётган автомашиналар нархлари таҳлил қилиниб, автомашиналарнинг божхона қиймати ҳисоб-китоб қилинганда, ўзгача натижалар намоён бўлмоқда.

Молиячи Отабек Бакиров шу масалага эътибор қаратиб, Telegram-каналида шундай ёзганди:

«Таиланддан импорт қилинаётган Chevrolet Trailblazer нархини олайлик. Бу автомашина «Ўзавтомоторс» томонидан ҳозир 398 миллион сўмдан ёки 38 минг 492 доллардан сотилмоқда.

Агар «Ўзавтомоторс» барча божхона божи (156,8 миллион сўм), ҚҚС (46,6 миллион сўм), божхона божи (0,3 миллион сўм) ва утилизация йиғимини (40,1 миллион сўм) тўлаб, ушбу автони Ўзбекистонга олиб кираётган бўлса, бу автомашинанинг Ўзбекистон чегарасига кираётганда божхона қиймати 154,1 миллион сўм ёки 14 минг 903 доллар бўлиши керак», — деб фикр билдирган Бакиров. 

Парламент аъзоларининг ўрганишида Chevrolet ва Volkswagen компанияларининг дунё бўйича биронта заводи ва расмий ҳамкорлари томонидан бундай паст нархда автомашиналар таклифи умуман мавжуд эмаслиги маълум бўлган. Шу туфайли, депутатлар «UzAuto Motors» АЖ ва «Жиззах автомобиль заводи» МЧЖ томонидан импорт божи ва утилизация йиғими тўланмаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хулосага яқин турибди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига жавобни депутатга мазкур сўров олинган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмай юборади.

Аввалроқ, бир гуруҳ депутатлар «UzAuto Motors» машиналари таннархи масаласида Монополияга қарши курашиш қўмитасига сўров киритганди. Қўмита махсус комиссияси ишга оид қарор қабул қилди, кейинроқ «UzAuto Motors» вакиллари қарор устидан судга шикоят қилди. Айни пайтда суд давом этмоқда.  

Top