Жаҳон | 21:28 / 25.10.2020
10954
2 дақиқада ўқилади

Samsung’нинг марҳум раиси меросхўрлари рекорд қийматдаги мерос солиғи тўлайди

25 октябрда 78 ёшида ҳаётдан кўз юмган Samsung компаниясининг раиси Ли Гон Хининг меросхўрлари Жанубий Корея учун рекорд қийматда мерос солиғи тўлайди. Солиқ қиймати акцияларнинг ўзи учун 9 млрд долларни ташкил қилади.  

Фото: EPA-EFE/JEON HEON-KYUN

Yonhap ахборот агентлигининг хабар беришича, Ли Гон Хининг фонд активлари 18 трлн вонга (15,9 млрд доллар) яқинни ташкил қилади. Бу суммадан 10 трлн вон (9 млрд доллар) солиқ сифатида тўланади. Мамлакат қонунларига кўра, меросхўрлар ушбу суммани бир йилдан 5 йилгача бўлиб-бўлиб тўлашлари мумкин. 

Марҳум раис ортида унинг рафиқаси ва уч фарзанди қолди. Марҳумнинг катта қизи Ли Бу Чжин Samsung Hotel Shilla меҳмонхоналар  тармоғига раҳбарлик қилади, кичик қизи Ли Со Хен эса Samsung хайрия жамғармасига масъул ҳисобланади. Ли Гон Хининг ўғли Ли Чжэ Ёнга эса 2014 йилда Samsung бошқаруви ўтган. 

Ли Гон Хи Сеулдаги шифохонада узоқ давом этган касаллик оқибатида вафот этди. Маълум қилинишича, у 2014 йилда ўтказган инфарктдан кейин оғир касал бўлиб қолган.

Forbes маълумотларига кўра, Ли Гон Хининг бойлиги  20,9 млрд долларни ташкил қилади.    

Мавзуга оид