Фан-техника | 21:08 / 26.10.2020
5890
1 дақиқада ўқилади

Samsung ўта юқори кўрсатиш қобилиятига эга дисплей ишлаб чиқди

Samsung компанияси Стэнфорд университети олимлари билан биргаликда ўта юқори кўрсатиш қобилиятига эга дисплей ихтиро қилди. Дисплей органик ёруғлик диодлари технологиясига асосланган.  

Фото: Samsung Advanced Institute of Technology

Олинган OLED-панель бир дюймга 10 минг пиксел зичликка эга. Бундай зичлик экрани кўзларга жуда яқин масофада турувчи гаджетларда қўллаш учун мўлжалланган. Таққослаш учун шуни айтиш мумкинки, замонавий смартфонлар экранининг зичлиги бир дюймга 400-500 пикселни ташкил қилади.

Шартли равишда newOLED деб номланаётган ишланма органик ёруғлик диодлари технологиясига асосланган. Олимлар янги турдаги дисплейни олишда қуёш панелларини қуриш технологиясига таянишган.

Дисплейни ишлаб чиқишда ундаги қатламлар орасида ёруғликни акслантириш учун бири кумушдан, иккинчиси металл нанотекстурага эга махсус плёнкалар қўлланган. Натижада муайян ранглар пикселлар орқали кучаядиган эффект ҳосил бўлади. Шу тариқа панелнинг акслантирувчи хоссалари ўзгаради ва пикселлар зичлиги ошади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу экранларни VR-гарнитуралар ва шунга ўхшаш аксессуарларда қўллаш мумкин.

Мавзуга оид