Жамият | 13:18 / 27.10.2020
37991
9 дақиқада ўқилади

GTL заводидаги жанжал: режаларни ўзгартирган карантин ва тўлган сабр косаси

21 октябрь куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида жойлашган Uzbekistan GTL заводи ишчилари оммавий тартибсизлик келтириб чиқарган эди. Натижада қатор масъул ташкилотлар расмийлари воқеа жойида бўлиб, муаммони келтириб чиқарган омиллар бартараф этилишини маълум қилишганди.

Куни кеча Энергетика вазирлиги ушбу заводга ОАВ вакиллари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этди. Унда корхона раҳбарлари ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Enter Engineering компанияси маъмурий директори Темур Абдуллаевнинг изоҳлашича, ҳодисага ишчилардаги руҳий чарчоқ сабаб бўлган.

Темур Абдуллаев (чапда) ва Фахриддин Абдурасулов (ўнгда)

«Нима рўй берганини ҳамма билди, кўплаб видеороликлар тарқалди. Ҳақиқий сабаб нимадалигини керакли органлар аниқлайди. Агар бизнинг фикримиз сўралса, бунга инсонларнинг руҳан чарчагани сабаб бўлди, деймиз.

Одамлар ёзги карантиннинг мураккаб даврини бошидан кечирди. Пандемия даврида умумий асабийлик бор эди. Касаллик тез тарқала бошлади, бутун дунё бўйлаб ОАВларда ёппа хабарлар ҳужуми бўлди. Ўзбекистондаги йўллар ёпилди, одамлар ишсиз қолишди.

Июль ойида қурилиш майдончамиз бўшаб қолди. Ҳозир кўпчилик билар, бу ерда бор-йўғи 800 киши қолди. Одамлар уйида, ишсиз, маошсиз қолишди.

Эҳтимолли сабаб ҳақида бизнинг фикримиз ҳақидаги саволга ўтсак. Юқорида айтганимдек, бунга руҳий чарчоқ сабаб бўлган. Карантинда 8-10 кун бўлиб туриб, шундан сўнг қурилиш майдончасига ишга чиқиб яна иш кунлари ишлашгандан сўнг уларнинг вахтаси чўзилиб кетди. Лекин бу мажбурий чора эди. Табиийки, айрим кимсалар бу ерда 40-45 кунлаб яшашга мажбур бўлган. Бу албатта оғир.

Бу воқеанинг содир бўлиши барибир техник муаммо ҳисобланади, у жиддий эмас, кўламли эмас. Бу муаммо ички портлашни келтириб чиқарди. Одамларнинг сабр косаси тўлди. Сабр косасига сўнгги томчи томса, у тошиб чиқади. Бу ерда худди шу нарса содир бўлди», – деди Темур Абдуллаев.

Ишчилар ҳужумига учраган Enter Engineering компанияси офиси тартибга келтирилган. Бу ерда иш аввалгидек бир маромда кетмоқда.

Маълум қилинишича, пандемия шароитида ишни ташкил қилиш учун заводда кучайтирилган вахта режимига ўтилган.

«Август ойида заводда ишни тиклаганимиз, одамларни ишга қайтара бошлаганимиздан сўнг карантин чоралари тизими жорий этилди. Қурилиш майдонига ишга келиш учун биз бу ерни «тозаладик», касаллик юқтирганлардан холи «яшил зона» яратдик», – деди Enter Engineering компанияси маъмурий директори Темур Абдуллаев.

Унинг сўзларига кўра, заводда лаборатория ташкил этилиб, ишчилар ПЗР тестдан ўтказилган, улар бир муддат карантинда сақлангач, иш жараёнига қўйилган. Шу сабаб ишчиларнинг заводда бўлиш муддати 45 кунгача чўзилган.

«ПЗР ва антитаначаларни аниқлашга доир тестлар текин ўтказилди. Ва ходимлар карантинда бўлган чоғда ҳам уларга маош ёзилди.

Маълумот сифатида бир нечта рақам келтириб ўтаман: пандемия бошидан кечаги кунгача биз 43 мингта ПЗР таҳлилларини ўтказдик. Ўртача ҳар бир одамга 2,5 та таҳлил тўғри келади. Enter Engineering компанияси лаборатор таҳлилларнинг ўзига 7,5 миллиард сўм сарфлади», – деди Абдуллаев.

«Uzbekistan GTL» МЧЖ бош директори Фахриддин Абдурасулов заводда касаллик урчиган вақтда 800дан зиёд ишчида коронавирус аниқлангани, улар ҳам завод ҳисобидан даволанганини қўшимча қилди.

Маълум қилинишича, айни дамда заводда 12 мингдан зиёд ишчи ишламоқда. Уларнинг ичида хорижликлар ҳам бор. Бош пудратчи Enter Engineering бўлса, субпудратчилар билан қўшиб ҳисобланганда компания ва фирмалар сони 13 та.

Уларнинг орасида ишчиларга маош бермайдиганлари ҳам бўлган. Расмийларга кўра, ана шундай фирмалардан бири – «Yes» маҳаллий ҳамда бангладешлик ишчиларни ишсиз ва маошсиз қолдирган.

«Yes компанияси пудратчиларимиздан бирининг субпудратчиси эди. Биздаги аниқ ахборотга кўра, Yes компанияси бўнак сифатида пул олган ва охиригача ишлаб бермаган, пулни сўндирмаган ва пандемия бошланишида компания раҳбарияти қочиб кетган.

Маҳаллий ва хорижий ишчиларнинг бир қисми ишсиз қолиб кетган. Шунчаки, уларни ишсиз қолдириб, GTL ҳудудида тақдир ҳукмига ташлаб кетишган. Yes'нинг барча яхши мутахассислари, ишчиларининг катта қисми Enter Engineering'га ишга ўтди.

Бангладеш фуқароларини ҳам ишсиз қолдиришган. Бангладеш Республикасидан келган 80 нафар ишчи бегона мамлакатда ишсиз ва маошсиз қолиб кетган, иш берувчи йўқолган. Биз элчихона билан гаплашдик, улар биздан илтимос қилишди ва бугунги кунда Enter Engineering компаниясида ишлашмоқда.

Қолганларнинг масаласини Yes раҳбариятидан сўраш керак. Умид қиламанки, улар пайдо бўлишади ва ўзлари ишга олган одамларнинг маошларини тўлаб беришади», – деди Темур Абдуллаев.

Ҳозир заводда ишни ташкил қилиш қайта кўриб чиқилган. Темур Абдуллаевнинг айтишича, қатъий карантин бекор қилинган. Завод ва пудратчи компания раҳбарлари ишчилар билан суҳбатлашишган, уларнинг талаблари инобатга олинган. Масалан, ишчиларнинг овқатлантириш масаласи ҳам қайта кўриб чиқилган; меню «кучайтирилган».

«Вазиятни таҳлил қилдик, ўргандик. Кўп нарсанинг туб моҳиятига етдик. Бугунги кунда биз қуйидаги қадамларни қўйдик:

Бугун маълум бир таҳдидларга қарамасдан, карантин тўлиқ тугатилди. Биз уни бекор қилдик. Фақат қурилишга киришда ПЗР-таҳлил қолади. Лекин ходимларни карантинда сақлаймиз деб вақт йўқотмаймиз.

Вахтани ҳам қатъийлаштирдик. 22 иш куни ва 8 кун вахталар ораси таътил куни бўлади. Яъни пандемиягача амалда бўлган шароитга қайтдик.

Овқатланиш масаласида ҳам мурожаатлар бўлди. Биз уни ҳам ўргандик. Таомлантириш бўйича пудратчиларимиз билан тушунтириш ишлари олиб бордик. Тушлик вақтида кучайтирилган овқатланиш, қўшимча меню ташкил этдик. Менюнинг ўзи ҳам ҳисобий қилинган, энергетик қуввати 4000 калориядан зиёд», – деди Абдуллаев.

У Enter Engineering маошларнинг кечиктираётгани ёлғон ахборот эканини айтиб, компания сентябрь ойи маошини ҳам тўлиқ узиб бўлганини таъкидлади.

«Мен шарҳларни ўқиб қолдим, биз гўёки ойлик маошларни ўз вақтида тўламаётган эканмиз. Бу хато қараш ва ёлғон. Асло ундай эмас. Ой тугагач, дастлабки 15 кун бажарилган иш ҳажми ҳисоблаб чиқилади. Бу вақт ичида табеллар ёпилади, меҳнат ҳақи ҳисоблаб чиқилади. 15-сана солиқларни ёпиш куни. 16-дан 30-санагача биз маошларни тўлаймиз.

Сентябрь ойи маошига келсак, бу ойда ҳам 1-15 санада ҳисоб-китоб олиб борилган. 16-дан 30-санагача тўлов. 23-санагача сентбярь ойи маоши тўлиқ тўлаб бўлинган», – деди у.

Журналистлар кучайтирилган вахта шароити меҳнат қонунчилигига нечоғлик мослиги тўғрисида савол беришди. Темур Абдуллаев барчаси қонун доирасида бўлганини таъкидлаб, ҳатто ҳозир ҳам кетма-кет ишлаб, кўпроқ пул топишни истаётган ишчиларнинг ўзлари таклиф билан чиқиб туришганини қўшимча қилди.

Мазкур GTL заводи – жаҳонда шу турдаги бешинчи завод бўлиши кутилмоқда. 2017 йилда бошланган қурилиш ишлари айни пайтда 91 фоизга якунланган. Қурилиш декабрь ойида тўла якунига етиши режалаштирилган.

Пресс-тур давомида ишчиларнинг овқатланиш, ишлаш ва яшаш шароитлари билан таништирилди.

Вахта шаҳарчаси комендантларидан бири Дилшод Ҳамроевнинг айтишича, бу ерда 12 минг ишчи истиқомат қилади. Оддий хоналарда 10 нафар ишчи яшайди. У ходимлар учун 3 та медпункт, 7 та ошхона ва спорт майдонлари фаолият кўрсатаётганини таъкидлади.

Мухтасар қилиб айтганда, завод раҳбарлари ва қурилиш учун масъуллар бундай норозилик ўтган 4 йил ичида илк бор рўй берганини таъкидлаб, буни пандемия шароитида талаблар кучайтирилгани боис ишчиларда руҳий босим кучайгани билан изоҳлади. Ошхонада саноқ олиб борувчи қурилманинг кутилмаганда бузилиши эса сабр косасига томган сўнгги томчи бўлган.

Маълум бўлишича, Enter Engineering касаба уюшмаси раҳбариятида ўзгаришлар қилинган. Завод пандемиягача бўлган иш режимига қайтмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz махсус мухбири.

Мавзуга оид