Ўзбекистон | 13:34 / 28.10.2020
12910
3 дақиқада ўқилади

2021 йилги Ўзбекистон давлат бюджети дефицит билан қабул қилиниши кутилмоқда

Иқтисодий ўсиш суръатларини 5 фоиздан юқори бўлишини таъминлашга қаратилган макроиқтисодий сиёсатнинг 2021 йил учун асосий йўналишлари ва кўрсаткичларини белгилаш таклиф этилмоқда.

Молия вазирлиги 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасига шарҳларни эълон қилди. 

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 83-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, 18 та модда ва 10 та иловадан иборат.

Таъкидланишича, макроиқтисодий сиёсатнинг 2021 йил учун асосий йўналишлари ва кўрсаткичлари келгуси йилда ҳам коронавирус пандемияси давом этиши тахминларидан келиб чиқиб шакллантирилди.

«Бунда асосий эътибор макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга, фискал рағбатлантириш чораларини мўътадиллаштириб боришга, иқтисодий ўсиш суръатларини 5 фоиздан юқори бўлишини таъминлашга қаратилади. Қатор халқаро молия институтлари ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилда мамлакатимизда иқтисодий ўсиш суръати 5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Келгуси йилда ялпи ички маҳсулотнинг кўзланган ўсиш суръатлари саноатда ишлаб чиқаришни 5,8 фоизга, хизматлар соҳасида 6,4 фоизга, қишлоқ хўжалигида 2,7 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланиши прогноз қилинмоқда», — дейилади шарҳда. 

Маълум қилинишича, 2021 йилда инфляция даражаси 10 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Мазкур ривожланиш кўрсаткичларига ҳар бир соҳада бошланган таркибий ислоҳотларни сифатли давом эттириш орқали эришилиши таъкидланган. 

«2021 йил учун давлат бюджети даромадлари 147,0 триллион сўм, харажатлари эса давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олмаган ҳолда 149,7 триллион сўм миқдорида, давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 26,2 триллион сўм миқдорида, харажатлари эса 40,7 триллион сўм миқдорида бўлиши режалаштирилмоқда», — дейилади шарҳда. 

Давлат мақсадли жамғармаларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 15,9 триллион сўм трансфертлар ажратиш белгиланган. Хусусан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 23,5 триллион сўм, харажатлари 36,5 триллион сўмни ташкил этган ҳолда давлат бюджетидан 14,7 триллион сўм миқдорида трансферт ажратилиши режалаштирилмоқда.

«Бунинг натижасида келгуси йилда Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари 17,2 триллион сўм ёки прогноз қилинаётган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиз миқдорида тақчиллик билан режалаштирилган», — дея таъкидланган вазирлик хабарида. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг тушумлари 5,3 триллион сўмни харажатлари эса 13,4 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг (Давлат бюджети, Давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларига амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар билан бирга) юқори чегараси 37,4 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4 фоиз миқдорида белгиланган ҳолда жорий йил якуни билан кутилаётган консолидациялашган бюджети тақчиллигига нисбатан 1,6 фоиз бандга паст бўлиши режалаштирилган.

Мавзуга оид