15:19 / 29.10.2020
12336

Бош вазир киноижодкорлар билан учрашди

Жорий йил апрель ойида бир гуруҳ киноижодкорлар соҳадаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий ёрдам сўраб Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Ариповга мурожаат қилган эди.

Мурожаатда кўтарилган масалаларни атрофлича муҳокама қилиш ва бамаслаҳат ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон бош вазири мамлакатимиз кино мутахассислари билан учрашди.

«Ўзбек кинематографияси: бугунги кун ва истиқбол» мавзусида давра суҳбати шаклида ўтган ушбу учрашувда бош вазир президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил август ойида Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда ҳукумат олдига қўйган қатор вазифалар ижроси бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида қисқача маълумот берди.

Тадбирда сўнгги йилларда миллий кинематография ривожига давлатимиз томонидан қаратилаётган катта эътибор натижасида соҳада муайян ютуқларга эришилгани, мазмун ва шакл жиҳатидан ранг-баранг кино асарлар яратилиб, улар томошабинлар эътиборини қозонгани қайд этилди.

Шу билан бирга, соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам борлиги, яъни, муайян киностудияларнинг моддий-техника базаси жисмоний ва маънавий жиҳатдан эскиргани, кинофильмларни молиялаштириш тизимининг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги, кинотеатрлар ва малакали кадрлар етишмаслиги, яратилган фильмлар тарғиботи суст кечаётгани таъкидланди.

Ҳукумат раҳбари кино санъати инсон савияси юксалишида муҳим роль ўйнашини, шунинг учун сонга эмас сифатга эътибор қаратиб, ғояси ва тарбиявий аҳамияти юқори бўлган бадиий фильм ва сериаллар яратиш лозимлигини билдирди.

Шунингдек, жамиятда халқимиз, аввало, ёшлар онгига миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, она ватанга муҳаббат туйғуларини сингдиришда катта таъсир кучига эга бўлган кино санъатининг ролини ошириш бугунги кун талаби эканини қайд этди.

Тадбирда сўзга чиққан қатор киноижодкорлар ижодий фаолияти давомида дуч келаётган айрим муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

«Хусусан, кейинги вақтларда ғоя ва савия жиҳатдан саёз фильм ва сериаллар нисбатан кўпайди, уларда адабий тил қоидаларига айтарли риоя қилинмаётир, кинотеатрлар суст фаолият юритмоқда, дубляж санъати ривожига эътибор йўқолган, мультипликацион ва анимацион фильмлар яратиш талаб даражасида эмас, яратилган фильмларнинг тарғиботи айтарли йўлга қўйилмаган. Шу сингари камчиликлар соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган давра суҳбатида билдирилган таклифларни амалга ошириш, соҳадаги баъзи муаммо ва камчиликларни бартараф этиш учун барча киноижодкорлар бир ёқадан бош чиқариб, бамаслаҳат ишлаши лозимлиги қайд этилди», дейилади бош вазир матбуот хизмати хабарида.

Кино санъати ривожи йўлида бу каби учрашув ва давра суҳбатларини тез-тез ўтказиб туришга келишиб олинган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрелида Ўзбекистон кинематография соҳаси арбоблари, мутахассислари, режиссёрлар ва актёрлар «Ўзбеккино» директори Фирдавс Абдухолиқов устидан бош вазир Абдулла Ариповга шикоят қилганди. Жамоавий мурожаат 109 киши томонидан, хусусан, «Ўзбеккино» бош директори биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, бош директор ўринбосари Низом Маҳмудов, «Ўзбекфильм» директори Фотиҳ Жалолов, Ўзбекистон киноарбоблар уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов, Алишер Навоий номидаги киносарой директори Баҳром Ўтанов, «Мультстудия» директори Севара Тўлаганова, «Республика кинофонди» директори Шуҳрат Умаров, шунингдек, Ҳилол Насимов, Жаҳонгир Қосимов, Сарвар Каримов, Абдуҳалил Мингноров, Акбар Бектурдиев каби режиссёрлар томонидан имзоланган. 

Мурожаатчилар 2019 йил сентябрида «Ўзбеккино»га раҳбар этиб тайинланган Фирдавс Абдухолиқов ҳозирги кунда кинематография соҳасини ривожланиш бўйича комплекс ёндашув ва консептуал қарорларни қабул қилиш ўрнига соҳани ривожлантиришга мутлақо алоқадор бўлмаган фаолият билан шуғулланиб келаётгани, кўп йиллик тажрибага эга ходимларни четлатиб, уларнинг ўрнига кино соҳасидан йироқ бўлган, унинг ўзигагина қарашли одамларни бошқарма ва бўлимлар раҳбарлигига тайинлаш амалиёти йўлга қўйилганини таъкидлашганди. Агентликда иш ўрнига ваъзхонлик, тадбирбозлик, кераксиз ишлар билан шуғулланиш, бюрократизм, шунингдек, хорижий давлатларга якка тартибда ёки ўз истагидаги одамлардан гуруҳлар тузиб, сафар қилиш, бош директор ўринбосарлари ва тажрибали мутахассислар фикрига беписандлик билан қараш ёки уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини умуман инкор этиш амалиёти жорий этилгани айтилганди.

Top