Жаҳон | 19:57 / 29.10.2020
22337
3 дақиқада ўқилади

Кўршапалаклар касалланганда «ижтимоий масофа» сақлаши маълум бўлди

Вампир кўршапалаклар – Жанубий Америкада кенг тарқалган, сутэмизувчилар қонини сўриб яшовчи йирик кўршапалак туридир.

Олимлар томонидан ўтказилган бир тадқиқотда қонхўр кўршапалаклар касалланган пайтида ижтимоий масофа сақлаши, бошқа кўршапалаклар билан камроқ вақт ўтказиши ва галадагилар билан нисбатан кам алоқада бўлиши аниқланди.

Кўршапалакларнинг бундай хатти-ҳаракатлари аввалроқ лаборатория шароитида ҳам кузатилганди.

Мутахассислар айни хатти-ҳаракатни Марказий Америкадаги давлатлардан бири – Белиз вампир кўршапалакларида кузатишган.

Оҳайо университети мутахассислари томонидан олиб борилган тадқиқот натижалари Behavioral Ecology илмий журналида эълон қилинди.

Тадқиқотчилар дарахт ковагида яшовчи кўршапалаклар гуруҳига кичик рецепторларни жойлаштириш орқали уларнинг бир-бири билан қандай алоқада бўлишини кузатишди.

Тадқиқот доирасида мутахассислар 16та кўршапалакка уларнинг хатти-ҳаракатларида ўзгариш рўй бериш-бермаслигини аниқлаш мақсадида иммунитет тизимининг вақтинча касал бўлиб қолгандек реакция кўрсатишига олиб келувчи липополисахарид деб номланган моддани юборишди.

Дарахтда жами 31та кўршапалак бор эди. Қолган 15та кўршапалакка эса уларнинг иммунитет тизимига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайдиган шўр сув қуйилди.

Мутахассисларнинг айтишича, ушбу тажриба давомида кўршапалакларга ҳеч қандай зарар етказилмаган.

Олимлар иммунитет тизими худди инфекция билан курашаётгандек фаоллашган «касал» кўршапалаклар соғлом кўршапалакларга қараганда ўртача тўрт марта оз алоқада бўлганини аниқладилар.

Таъкидланишича, бу кўршапалаклар бошқа кўршапалаклар атрофида камроқ ҳаракат қилган, уларнинг сафига қўшилишни истамаган ва нисбатан уйқучан кўринган.

Хатти-ҳаракатдаги фарқлар инъекциядан олти соат ўтгач, кўршапалаклар ухлаганда ёки ташқаридан хўрак қидирганда камайган.

48 соатдан кейин инъекция таъсири бутунлай йўқолган ва кўршапалаклар яна «ижтимоийлаша» бошлаган.

«Рецепторлар ёрдамида кўршапалакларнинг хатти-ҳаракатларида юз берган ўзгаришларни ҳатто улар дарахтнинг қоронғи бурчакларига яширинган тақдирда ҳам кеча-ю кундуз кузатиш имкони туғилди», дейди Оҳайо университети мутахассиси Симон Риппергер.

Кўршапалакларнинг бу йўсинда «ижтимоий масофа» сақлаши инсонларнинг касалликка чалинган пайтда бошқа одамлар билан бирга вақт ўтказиш ўрнига тўшакда ётишни афзал кўришига қиёсланмоқда.

Мавзуга оид