Миллионлаб одамлар ҳаётига зомин бўлган, миллардлаб инсонлар ҳаётини тубдан ўзгартириб ташлаган касалликнинг келиб чиқиши ҳақида турли версия ва фаразлар мавжуд.

Коронавируслар оиласига кирувчи SARS-CoV-2 вируси билан касалланиш ҳолати илк бор Хитойнинг Уҳан шаҳрида қайд этилганди. Орадан бир йил ўтиб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг махсус комиссияси Уҳанда бўлиб, вируснинг келиб чиқишини ўрганишга киришди. Унда Экспертлар маҳаллий олимлар, шифокорлар билан суҳбатлашди, шаҳардаги ёввойи ҳайвонлар ва денгиз маҳсулотлари сотиладиган бозордаги вазиятни ўрганишди. Дарвоқе, ЖССТнинг махсус комиссиясини киритишни Хитой ҳукумати пайсалга солиб келди ва буни ЖССТ экспертларида айрим ҳужжатларнинг йўқлиги ва делегацияни қабул қилишга тайёргарлик кўришга оид қийинчиликлар билан изоҳлаган.

2021 йилда коронавирус (SARS-CoV-2)нинг лабораторияда яратилгани ҳақидаги мунозаралар кўпайгандан кўпайди, дея ёзишмоқда Nature журналидаги мақола муаллифлари Эми Максмен ва Смрити Малламати.

Аксар олимлар SARS-CoV-2’нинг келиб чиқиши табиий ва одамга ҳайвондан юққан, деб ҳисоблашади. Бироқ вируснинг лабораториядан сизиб чиққани ҳақидаги версия ҳам бор. Баъзи олимлар вируснинг Уҳан вирусология институтида сунъий тарзда яратилгани ҳақидаги фаразни чуқурроқ ўрганишни талаб қилишмоқда.

Коронавирус билан илк касалланиш ҳолатлари айнан Уҳан шаҳрида қайд этилганди. 2021 йилнинг 26 май куни АҚШ президенти Жо Байден бутун кучларни ишга солиб, коронавируснинг келиб чиқишини аниқлашга чақирди. Австралия, Европа Иттифоқи ва Японияни ҳам вируснинг келиб чиқишини синчиклаб ўрганишга даъват қилди ва жумладан шундай деди: Бугунга келиб, АҚШ Хавфсизлик Уюшмаси эҳтимолий икки сценарий мавжудлиги борасида ҳамфикр. Лекин бу масалада ҳали узил-кесил тўхтамга келингани йўқ. Мен Хавфсизлик Уюшмасидан бизни якуний хулосага олиб борувчи ахборотни тўплаш ва таҳлил қилиш учун уринишларни икки баробарга оширишни сўрадим. Ўша ҳисоботнинг бир қисми сифатида мен зарур маълумотларни, шу жумладан, Хитойга бериладиган аниқ саволларни тақдим қилишни ҳам сўрадим. АҚШ ҳамфикр доиралар билан тўлиқ, шаффоф ва далилларга асосланган халқаро текширувда қатнашиш учун Хитойга босим қилишда давом этади».