20:34 / 30.10.2020
4798

Украина конституцион суди раҳбари давлатга хиёнатда айбланмоқда

Аввалроқ Украина конституцион суди раҳбари президент Зеленскийнинг Конституцион суд таркиби ваколатларини бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини конституцион тўнтариш аломатларига эга деб баҳолаганди.

Фото: РБК-Украина

Украина давлат тергов бюроси бир гуруҳ шахслар томонидан ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва мамлакат конституцион суди раҳбари Александр Тупицкийнинг давлатга хиёнати бўйича судга қадар суриштирув бошлади. Бу ҳақда тергов бюроси директори вазифасини бажарувчи Алексей Сухачов маълум қилди.

"Дастлабки маълумотга кўра, конституцион суд раҳбари 2018 йил июлда бир гуруҳ шахслар таркибида Украина қонунчилиги бўйича белгиланган тартибда ўзига ажратилмаган ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ва ушбу ер участкасини Россия юрисдикцияси остига ўтишига имкон берадиган шартнома тузган", - дейилади давлат тергов бюроси хабарида.

Қайд этилишича, шу тарзда конституцион суд раҳбари Украина суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, давлат ва иқтисодий хавфсизлигига зарар етказадиган ҳаракатни содир этган. Украина Жиноят кодекси моддаларига кўра, ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, давлатга хиёнат учун 12 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган.

Аввалроқ Украина конституцион суди раҳбари президент Зеленскийнинг Конституцион суд таркиби ваколатларини бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини конституцион тўнтариш аломатларига эга деб баҳолаганди.

Top