Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ украиналик эркаклар учун вақтинчалик ҳимоя мақомини чеклаши мумкин
Европа Иттифоқи 2028 йилгача украиналик қочқинлар учун вақтинчалик ҳимоя мақомини узайтиришни кўриб чиқмоқда. Бироқ муҳокамалар доирасида ҳарбий хизматга чақирув ёшидаги эркакларга нисбатан айрим чекловлар жорий этилиши мумкин.
DW манбаларига кўра, Европа комиссияси июль ойида украиналик қочқинлар учун вақтинчалик ҳимоя мақомини 2028 йилгача узайтириш бўйича расмий таклифни тақдим этиши мумкин.
Масала 4 июнь куни Люксембургда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи Адлия ва ички ишлар кенгаши йиғилишида муҳокама қилиниши кутилмоқда. Манбаларнинг айтишича, муҳокамалар давомида ҳарбий хизматга чақирув ёшидаги украиналик эркакларга нисбатан чекловлар киритиш варианти ҳам кўриб чиқилади.
Украиналиклар учун вақтинчалик ҳимоя директиваси 2022 йил март ойида, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг ишга туширилган эди. Унинг амал қилиш муддати бир неча бор узайтирилган бўлиб, ҳозирги кунда 2027 йил мартигача амал қилади.
Европа Иттифоқининг украиналиклар бўйича махсус вакили Илва Йоханссон аввалроқ ушбу мақомни 2028 йилгача узайтириш имконияти муҳокама қилинаётганини маълум қилган эди.
DW билан суҳбатлашган европалик дипломатлар фикрича, чақирув ёшидаги эркаклар вақтинчалик ҳимоя дастуридан чиқарилиши мумкин. Улар буни Украина қонунчилигига мувофиқ ҳарбий хизматга мажбур бўлган эркакларнинг мамлакатни тарк этиши чеклангани билан изоҳламоқда.
Шу билан бирга, эҳтимолий чекловлар асосан Европа Иттифоқига янги келадиган қочқинларга нисбатан қўлланиши мумкин. Агар шундай қарор қабул қилинса, ҳозирда ЕИ ҳудудида бўлиб турган украиналик эркаклар вақтинчалик ҳимоя мақомидан маҳрум этилмаслиги мумкин.
Ҳозирча бу масала бўйича якуний қарор қабул қилинмаган. Европа комиссияси июль ойида ўз расмий позициясини эълон қилиши, шундан сўнг қарор Европа Иттифоқи давлатлари томонидан кўриб чиқилиши кутилмоқда.