Жамият | 16:01 / 02.11.2020
2924
3 дақиқада ўқилади

Мутахассис ҳомиладор аёллар МСКТга тушиши шартлари бўйича изоҳ берди

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева АОКАда ўтказилган брифингда қандай ҳолатларда ҳомиладорларга МСКТ-текшируви ўтказилиши ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Коронавирусга чалинганда ўпканинг жароҳатланиши даражасини аниқлаш учун МСКТ текширув усулидан фойдаланиш тавсия этилади. Бу усулда ўпканинг жароҳатланиш даражасига қараб касаллик енгил, ўрта оғир ёки оғир даражада кечаётгани бўйича ташхис қўйиш имкони мавжуд.

Шу боис, бу текширув усули касалликнинг 5-7 кунларидан сўнг беморда йўтал ва ҳансираш белгилари кучайиши кузатилганида ўтказиш керак бўлади.

Ҳомиладорлик даврида бу усулдан фойдаланиш аслида мумкин эмас, бу усулдан фойдаланиш учун аёлнинг ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган жиддий ҳолатлар кузатилаётган бўлиши лозим.

Саволингиздаги ҳомиладор аёлда эса йўтал ва ҳансираш белгилари бўлгани боис, унга шифокор МСКТ тавсия этгани кўриниб турибди. Лекин шу ўринда тўхталишимиз керак бўлган ҳолат бор, бу текширувни тавсия қилиш учун кўрсатмалардан эътибор бериш керак бўлган асосий ҳолатлардир, яъни:

  • шифокор томонидан ҳомиладор шикоятларидан ташқари касалликка оид маълумотларни тўлиқ ўрганиши, яъни коронавирусга чалинганлар билан контактда бўлган ёки бўлмаганини аниқлаши керак;
  • шифокор томонидан ҳомиладор саломатлиги кўрсаткичларини ўрганиш учун умумий кўрув ўтказиши керак.

Агарда ҳомиладор аёлнинг ҳаётига хавф солиши мумкин ҳолат аниқланса, бу текширув усулни тавсия этиши керак, чунки инсон ҳаётига хавф соладиган ҳолатда ҳомиладорларга кам миқдорда бўлса ҳам, уни дозасини назорат қилиш имкони билан МСКТ текшируви ўтказилади. МСКТда нурланиш мавжуд ва шуни унутмаслигимиз керакки, бу нурланиш ҳомилага таъсир этиши мумкин. Лекин, бу нурланиш таъсирини ўрганиш имконияти ҳам мавжуд.

Яъни, мурожаатингиз бўйича, шундай хулоса беришимиз мумкин, шифокор кўрсатмаси асосида МСКТ ўтказгансиз ва бу нурланиш болага таъсир этиши сизни хавотирга солаётган бўлиши мумкин.

Бу ҳолатда, олдиндан турли хулоса чиқариб, ўзингизни хавотирга қўймасликка харакат қилинг, яшаш жойингиз бўйича оилавий поликлиника шифокори ва гинекологга учрашинг. Болага нурланиш таъсир этиши ёки унда қандайдир ўзгаришлар пайдо қилиш мумкинлигини аниқлаш учун махсус текширув усуллари мавжуд, шу текширув усуллардан ўтишингиз талаб этилади ва ундан сўнг хулоса чиқариш мумкин», деди штаб аъзоси.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид